Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг илк кунлариданоқ ҳукуматимиз томонидан миллий ва диний қадриятларни тиклаш, улуғ аждодларимизнинг ёрқин хотираларини эъзозлаш, уларнинг илмий-маънавий меросларини ўрганиб, кенг жамоатчиликка етказиш, халқимизни маърифий ислом таълимотлари билан баҳраманд этиш борасида қатор тадбирлар амалга оширилди.

Айниқса, сўнгги йилларда, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида аждодларимиз хотирасини улуғлаш, муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, уларнинг мусулмон оламида нуфузини янада ошириш, бой маънавий меросини ўрганиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириш борасида тарихий ўзгариш ва ислоҳотлар ўтказилиб келинмоқда.

Хусусан, ислом оламида “Ҳадис илмининг султони” номи билан эъзозланадиган Имом Бухорий, суннат илми денгизи Имом Термизий, ақида имомларининг буюги Имом Мотуридий, тасаввуф оламининг ёрқин чироқлари Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрори Валий, ислом ҳуқуқшунослиги забардаст устунларидан Бурҳониддин Марғиноний, аниқ фанлар устозлари Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек каби аждодларимизнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида улар қўним топган масканлар ободонлаштирилиб, халқимизнинг севимли зиёратгоҳларига айлантирилмоқда.

Давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасида “Имом Эшон Мухаммад” масжиди, Хоразм вилоятида “Оҳун бобо” масжидини реконструкция қилиниб, халқимиз ихтиёрига топширилиши, Қашқадарё вилоятидаги “Абу Муин Насафий” мажмуасини тубдан янгилаш, Сурхондарё вилоятида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Самарқанд вилоятида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Бухоро вилоятида “Мир Араб” Олий мадрасасининг очилиши, Тошкент шаҳрида “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази”ни ҳамда “Ўзбекистон Ислом академияси”ни ташкил этилиши ҳамда “Қуръони карим мусобақаси”нинг туман (шаҳар), вилоят ва республика босқичларини юқори даражада ўтказилаётгани диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси ҳисобланади.

Диний таълим соҳасидаги ислоҳотлар қаторида Бухоро вилоятида “Мир Араб” Олий мадрасаси ҳамда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Ислом академияси фаолятининг бошланиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги қарори асосида Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳудудида янги олий диний таълим муассасаси – “Ҳадисшунослик”  мактаби ташкил этилаётганини алоҳида қайд этиш зарур.

Бу каби ташаббус ва илғор ғоялар Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан нафақат юртимиз доирасида, балки халқаро майдонларда ҳам илгари сурилмоқда. Жумладан, Юртбошимиз БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этадидеб таъкидлаб ўтдилар.

Албатта, дин соҳасининг асосий шиори сифатида “жаҳолатга қарши маърифат”, бугунги кунда халқимиз, айниқса ёшларимизни диний экстремизм, ақидапарастлик ва терроризм каби иллатлардан ҳимоя қилиш, ёт ғоялар таъсиридан асраш ҳамда олдини олишга қаратилган маърифатпарвар ҳаракат асосида амалга оширилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Халқимизнинг миллий ва диний қадриятларга ўта садоқатли ва эътиборли экани дунёга маълум. Зеро, бугунги кунга қадар асарлари машҳур  бўлиб келаётган Имом Бухорий, Имом Термизий,  Имом Насафий, Имом Марғилоний, Имом Замахшарий ҳамда бошқа буюк олим ва мутафаккирларимиз айнан шу заминдан етишиб чиққанлар.

Дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугунги кунда юртимиз ҳамда халқаро миқёсда кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу муносабат билан жорий йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Ўзбекистон диний маърифат ва қадриятлар юрти” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, диний илмий марказлар раҳбар ва вакиллари иштирок этдилар.

Айтиш жоизки, 2017 йил 15 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида диний ходимларга алоҳида эътибор қаратиб, бугунги кунда жамиятни турли маънавий иллатлардан ислоҳ қилиш, халқимизнинг маънавиятини кўтариш борасида катта ишонч билдирилди ва тегишли тавсиялар берилди.

Албатта, юқорида айтилган ишлар фақат маърифатли, юксак билим ва кўникмага эга бўлган диний соҳа мутахассиси, олимлар ёрдамидагина амалга оширилиши мумкинлиги эътироф этилди.

Юртимизда диний таълим соҳасини муносиб даражага кўтариш, салоҳиятини ошириш, диний соҳада етук кадрларни тайёрлаш, улуғ аждод уламоларимизнинг бебаҳо илмий меросини ўрганиш, илмий тадқиқот ва изланишлар олиб борилиши учун қулай шароитларни яратиш мақсадида заминимиз узра Ақида, Ҳадис, Ислом фиқҳи, Калом илми ва Тасаввуф илмий мактаблари ўз фаолиятини бошлади.

Ўзбекистоннинг диний илмий салоҳиятини, халқаро миқёсда ошириш борасида ишлар давом этмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республика Президенти ташаббуси билан Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ислом академияси ташкил этилди. Мазкур олий ўқув юртида ислом илмлари бўйича магистр, таянч докторантура ва докторантура бўйича йўналишларида кадрлар тайёрланиши кўзда тутилган.

Анжуманда мамлакатимизда диний соҳа ислоҳотлари ҳамда диний таълим йўналишида амалга оширилаётган ижобий ишлар юзасидан бошқа кўпгина маълумотлар берилди.

Сўзга чиққанлар бугунги кунда Ўзбекистонда барқарор тараққиётни таъминлаш, фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, бағрикенглик қадриятлари устиворлигига асосланган демократик жамият қуриш борасида олиб борилаётган ишлар жаҳон ҳамжамиятига намуна экани ҳақида якдил фикр билдирдилар.

Анжуманда таъкидланганидек, ушбу эзгу ишлардан кўзланган пировард мақсад  халқимиз учун қадимдан анъанавий бўлиб келаётган диний-маънавий меросга садоқатни мустаҳкамлаш, шу орқали юртдошларимиз, хусусан ёшларда миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, бунёдкорлик туйғуларини шакллантириш,  уларни миллий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялашга амалий ҳисса қўшиш ҳамда маърифий исломнинг асл қадриятларини сингдиришдан иборатдир.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати