Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 31 май куни юртимиздан дастлабки зиёратчилар гуруҳи муборак Умра зиёратига йўл олган эдилар. Улар “Масжиди Набавий”дан 100-150 метр масофада жойлашган “Мааса ал-Бустон” меҳмонхонасига жойлашдилар.

 

 Ер юзидаги уч муқаддас ва азим масжидлардан бири “Масжудун Набавий”да, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак равзаларини зиёрат қилиб, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга халқимиз, юртдошларимизнинг саловоту саломларини етказдилар.

Бугун, 3 июнь куни зиёратчиларимиз мўътабар манзилларни зиёрат этишда давом этмоқдалар. Улар ислом тарихидаги машҳур жой, Уҳуд тоғида бўлдилар ва айни дамда икки қиблали масжид – “Масжидул қиблатайн” га йўл олганлар. Сўнг Ислом тарихида тақво асосига қурилган илк масжид сифатида эътироф этилувчи “Қубо” масжидига зиёратни давом эттирадилар.

 

Эслатиб ўтамиз, зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кеча – 4 кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилгандан сўнг Макка шаҳрига йўл оладилар.

Барча зиёратчилар соғ-саломат ўз ибодатларини давом эттиришмоқда.

Ахборот хизмати