Юртимиз ўзининг муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлари, азиз-авлиёлар мангу қўним топган мақбаралари билан машҳур. Зеро, улуғ зотлар қайси гўшада яшашни ихтиёр этса, ўша жойда маънавий-руҳий покланиш рўй бериши билан бирга, боғу роғлар, соя-салқин оромгоҳлар бунёд этилган.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори муқаддас масканларни сақлаш ва қадрлаш, халқимиз онгида аждодлар хотирасига ҳурмат-эҳтиром туйғуларини шакллантириш билан бирга, ҳар бир қадамжо ва зиёратгоҳни ободонлаштириш, янада файзли, тароватли гўшага айлантириш, бу борада маънавий-маърифий тарғибот ишларини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
 
Фарғона вилоятида ҳам бу борада тизимли ишлар олиб борилаётир. Бугунги кунда вилоятда 198 масжид, 944 қабристон, 83 маданий мерос объекти, 300 дан зиёд муқаддас қадамжолар мавжуд.
 
Мазкур масканларда ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Баҳорнинг дастлабки кунлариданоқ зиёратгоҳлар ҳудудига аҳоли вакиллари, ҳомийлар иштирокида ҳашар йўли билан мевали ва манзарали кўчатлар экилди, ободончилик ишлари бажарилди. Муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, масжид ва қабристонларда зиёрат қилиш одоблари ёзилган лавҳалар ўрнатилди.
 
Қува тумани, Қўқон, Фарғона, Марғилон шаҳарларидаги зиёратгоҳ, масжид ва қабристонларда ободонлаштириш-таъмирлаш ишлари юқори даражада олиб борилди. Қабристонлар атрофи девор билан ўралиб, жаноза, марҳумларни хотирлаш маросимларини ўтказишга мўлжалланган махсус айвонлар қурилди.
 
– Вилоятда 120 га яқин ислом дини, азиз-авлиё ва буюк мутафаккирлар номи билан боғлиқ, турли диний маросимлар ўтказиладиган қадамжо ва зиёратгоҳлар бор, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиали бошқарувчиси Бахтиёр Қирғизов. – Қадамжолар халқимизнинг миллий ва диний қадриятлари, ишонч-эътиқоди, улуғларга бўлган ҳурмати ифодаси бўлиб, асрлар давомида муқаддас санаб келинган, файз-барака ва ниятлар ижобати рамзи саналган. Буюк Соҳибқирон Амир Темур Дониёр алайҳиссаломнинг хокини Самарқандга олиб келиб, ўша ҳудудни қадамжога айлантирган. Ёки Ҳазрат Али-Шеридаргоҳ пирим номи билан эл орасида машҳур бўлган жойни олайлик. У зот Шоҳимардонга келмаган бўлсалар-да, илмий-тарихий манбаларда Ҳазрат Али билан боғлиқ ривоятлар воситасида бу гўша муқаддас қадамжога айланган. Вилоятимизда Оқмозор бува деб аталувчи 20 дан ортиқ қадамжо бўлиб, улар қошғарлик пири муршид Офоқхўжа номи билан бевосита боғлиқ.
 
Зиёратгоҳлар ўз тарихи, асосли манбаларга оидлиги билан қадрлидир. Ҳозирги кунда Бувайда туманида Пошшопирим зиёратгоҳ-мажмуаси, Фарғона тумани Чимён қишлоғида Ҳазрати Ҳувайдо мақбара-зиёратгоҳи, Марғилонда Пури Сиддиқ зиёратгоҳи меъморий ечими, бой тарихи, зиёратчилар учун муборак масканга айлангани билан аҳамиятлидир.
 
Минг афсуски, кейинги пайтларда айрим зиёратгоҳларда нохуш ҳолатлар кузатилмоқда. Фарғона туманидаги Садкак бува, Еттибулоқ, Риштон туманида Ҳизр бува зиёратгоҳларида аҳоли, зиёратчилар томонидан атроф-муҳитни ифлослантириш, миллий ва диний қадриятларимизга зид, шариатга хос бўлмаган ишларни қилиш одат тусига кирди. Айниқса, ҳовуз-булоқларга маиший чиқиндилар, озиқ-овқат қолдиқларини ташлаш, дарахтларга турли латта-путта боғлаш ва жонлиқ сўйиб, маросимлар ўтказиш авж олди.
 
Риштон тумани Бўстон маҳалласидаги Ҳизр бува зиёратгоҳида шу ҳудудда яшовчи аҳоли вакиллари томонидан фолбинлик, коҳинлик ишлари амалга оширилаётгани, қўлбола расталар тартибсиз қўйилиб савдо қилинаётгани, ошхона, овқатланиш жойлари санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермаслиги жуда ачинарлидир. Бу ҳақда бир неча бор оммавий ахборот воситаларида танқидий фикрлар билдирилди. Бироқ, зиёратгоҳ мутасаддилари бу муборак гўшанинг нуфузини кўтаришга негадир ҳаракат қилмаяптилар.
 
Зиёратгоҳларни ободонлаштириш борасида ҳали талайгина муаммолар бор. Масалан, юқорида айтилганидек, айрим қабристонларда диний ва миллий қадриятларимизга зид ишлар ҳам кўзга ташланади. Боз устига, қабр атрофини панжара билан тўсиш келувчиларга ноқулайлик туғдиради. Ҳудудда чорва ҳайвонлари боқиш, хазон ёқиш ёмон ишлардан биридир. Қабристонга унинг ўзига хос одобларига риоя этган ҳолда кириб чиқиш керак.
 
Вилоятда маҳалла аҳли фаоллари ташаббуси ва ҳомийлар кўмагида қабристонлар атрофини девор билан ўраш, ободончилик ишлари бажарилмоқда. Чунончи, Фарғона шаҳридаги 26 қабристонни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари уюшқоқлик билан олиб бориляпти.
 
Муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар маънавий ҳаётимиз кўзгуси. Шундай экан, бу масканларни обод этиш, зиёратчилар учун қулай шароит яратиш барчамизнинг вазифамиздир.
 

 

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА