Жорий йилнинг 14 май куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Марказий Осиё ва ислом цивилизацияси” мавзуидаги республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Унда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом цивилизацияси маркази, Фанлар академияси, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда тадқиқотчи ва талабалар иштирок этди.

Маълумки, Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири бўлиб, минтақамизда туғилиб ўсган буюк мутафаккирлар ислом илмлари билан бир қаторда дунёвий фанлар ривожига ҳам улкан ҳисса қўшганлар. Уларнинг бой илмий-маънавий мероси ўзининг илмий аҳамияти билан ҳозирги даврда ҳам халқаро жамоатчилик томонидан кенг эътироф этилади ва юксак қадрланади.

Ўзбекистон тарққиётининг янги босқичида буюк алломаларнинг  илмий-маърифий ва маданий-маънавий меросини тиклаш, уни ўрганиш ва тарғиб қилиш ҳамда уларнинг номи билан боғлиқ қадамжолар ва зиёратгоҳларни обод этиш йўлида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Бу эзгу ва хайрли ишлар тарихда ўзига хос янги даврни бошлаб бериш билан бирга, Ўзбекистоннинг ислом дунёсидаги ўрни ва нуфузининг янада ошишига хизмат қилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиеёвнинг  2017 йил 15 июндаги “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжумандаги нутқида илгари сурилган концептуал ғоялар ҳамда 2017 йил 19 сентябрдаги БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш бўйича таклиф билан чиққан мурожаатлари мазмун-моҳият жиҳатидан катта тарихий аҳамияга эга бўлиб,  халқимизнинг бой илмий ва маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасини кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб беришдек эзгу мақсадларни ўзида мужассам этади.

Конференция Марказий Осиё мутафаккирларининг илмий-маънавий ва диний-маърифий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари”, “Ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани ривожидаги ўрни ва аҳамияти”, Инсонпарварлик,  ўзаро тотувлик ва ҳурмат, инсоний бағрикенглик каби тамойиллар ­– Ислом цивилизациясининг асоси сифатида”, “Ислом маданиятининг мамлакатимиз ижтимоий-маънавий ҳаётидага роли ва унинг ёш авлод тарбиясидаги ўрни” каби шўъбаларда фаолият олиб борди.

 Ислом цивилизациясининг туб моҳиятини ташкил этадиган инсонларнинг ижтимоий тенглиги, ўзаро ҳурмат, тинчлик, барқарорлик, диний бағрикенглик, миллий тотувлик каби тамойилларнинг шаклланиши ва ривожланиши масалалари ҳам ёш тадқиқотчилар эътиборидан четда бўлмади. Шунингдек, улар ижтимоий тараққиётга хавф солувчи ҳар қандай ғоя – бағрикенглик тамойилига зидлиги, диний мутаассиблик, экстремизм, фундаментализм, терроризмга қарши туриши, зўравонлик  “вируси”  тарқалишининг олдини олиш, айрим ёшларнинг нотўғри диний қарашларга берилиши ва унинг оқибатлари,  интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда медиамаданиятни шакллантириш каби масалаларда келишиб олдилар. Энг асосийси, бугунги глобаллашув даврида “Жаҳолатга қарши - маърифат” шиори мазмун-моҳиятига ҳамоҳанг тарзда фаолиятни кенг йўлга зарурлиги таъкидланди.

 Анжуман давомида талабалар томонидан тайёрланган хаттотлик ёзувлари ҳамда аждодлар меросига бағишланган электрон дастурий таъминотлар ва андроид программалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

 Анжуманга келиб тушган ўзбек, рус, инглиз тилларидаги мақолалар илмий мақолалар тўплами нашр этилди ҳамда таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Ахборот хизмати