ПРЕСС-РЕЛИЗ

 

2017 йил 18 октябрь куни Анжуманлар саройида “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.

Мазкур анжуман икки қардош мамлакат Ўзбекистон ва Озарбайжонда аждодларимиз томонидан тарихан шаклланган диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, динлараро бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини оммалаштириш, халқларимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, эришилган ижобий натижаларни кенг тарғиб қилиш каби мақсадларни ўз ичига олади.

Шунингдек, анжуманинг асосий мақсади этиб, Ўзбекистон ва Озарбайжонни ислом динининг ҳамкорлик ғояларига, қадриятларига динлараро мулоқот ананаларига содиқлигини намоён этиш ва бугунги куннинг долзарб хавфи ва таҳдидларига қарши муштарак позицияни эълон қилиш деб белгиланган.

Конференция ишида Россия, Туркия, Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Ўзбекистондан ташриф буюрган давлат ва жамоат арбоблари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этиши кутилмоқда.

Анжуманнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари мисолида дин ва эътиқод эркинлиги, динлараро мулоқот, диний ва миллий қадриятлар, диний экстремизм ва терроризм салбий оқибатлари, уларнинг жаҳон ҳамжамияти тинчлик ва барқарорлигига таҳдид ҳамда уларга қарши кураш асослари каби  мавзулар юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Ҳеч шубҳасиз, анжуман икки мамлакат ўртасидаги илмий ва маданий ҳамкорликнинг нафақат янги ривожланиш даражасига кўтаради, балки дунё жамоатчилигига Ислом динининг тинчликпарвар, яратувчанлик моҳиятини очиб беришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга хизмат қилади.

Конференция доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Мовароуннаҳр» ва Тошкент ислом университети нашриёти томонидан чоп этилган янги нашрлар кўргазмаси бўлиб ўтади.

Анжуман якунида Конференция Коммюникеси қабул қилиниши ҳам назарда тутилган.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати