Заминимиз азалдан буюк алломалар, мутафаккирлар, ўз замонасидан ўзиб кетган даҳолар юрти бўлиб келган. Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Али Қшчи, Алишер Навоий, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Абу Бакр Қаффол Шоший, Абу Мансур Мотуридий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Абулмуин Насафий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий... номларининг ўзи бир китоб бўлади. Бири калом илми устози, бири фалак тоқига нарвон қўйган забардаст олим, бошқаси амалий тиббиёт отаси, бири калом илми дурдонаси, яна бири муҳаддислар султони.

Ислом оламида ўзига хос алоҳида ҳурмат ва эътиборга сазовор, мусулмон юртлари ичида бизга фахр бағишловчи буюк аждодларимиздан бири бу шубҳасиз Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳазратларидир. Бу зотнинг илм йўлида чеккан риёзатлари, ҳадис илмининг ривожига қўшган ҳиссалари ҳамда яратган асарлари бутун дунёда тиллардан-тилларга достон бўлган. Ислом динининг биринчи муқаддас манбаси бўлмиш Қуръони каримдан кейинги ўринда турувчи “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ҳадислар тўплами ҳам шу улуғ зотнинг кўп йиллик илмий фаолиятлари ва бу йўлдаги ихлослари, ислом умматига нисбатан тутган холис ёндашувлариннг маҳсулидир. Имом Бхорийдек зот ҳақида кўп гапириш мумкин, кўп гапиирилган ҳам, бундан кейин ҳам гапирилади. Зеро ўрта асрлар шароитида бир миллионга яқин ҳадисни дунё бўйлаб тарқалиб кетган минглаб ровийлардан бирма-бир ёзиб олиб, текшириб, таснифлаб китоблар таълиф этиш бугунги техника ва кенг имкониятлар асрида ҳам ҳеч кимга насиб этмаётган буюк хизмат ва шарафдир. Бу буюк муҳаддис ровий ва иснодлари билан ёддан билган шунча ҳадислардан 7,5 мингга яқинини ўз “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китоби эса ислом оламида энг ишончли ҳадис тўплами ҳисобланади.

Маълумки, бугун юртимизда диний-маърифий соҳага катта эътибор берилмоқда, ёшларни аждодларимизга муносиб авлод этиб тарбиялаш мақсадида турли илм масканлари, марказлар ташкил этилмоқда, бу борада улкан ишлар қилинмоқда. Ислом динига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини кучайтириш бош ғоямизга айланди. Муҳтарам Президентимиз қаерга бормасинлар, юртимизнинг қаси гўшамизда бўлмасинлар ўша ерда туғилиб ўсган азиз-авлиёлар, олиму мутафаккирларнинг номини ва меросини тиклаш, абадий қўним топган ерларини ободонлаштириш, уларнинг номи билан аталувчи турли зиё масканларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият миқёсини кенг ва аниқ белгилаб бериш ишларида шахсан ўзлари ташаббускор бўлмоқдалар.

 Ҳозирда юртимиз алломаларининг кўплаб асарлари чоп этилмоқда. Шу кунга қадар Термизий алломаларнинг 20 дан ортиқ   асарлари,  Имом  Бухорий  ҳазратларининг  “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, “ал-Абад ал-муфрад” асарлари ҳам бир неча бор минглаб тиражларда чоп этилди ва чоп этилмоқда.

Бугунги кунда Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий мерослари ва у зотнинг ислом оламида тутган бемисл ўринларини кенг жамоатчиликка танитиш ишларига доир Президент ҳамда ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 март куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида” 2855-сонли Қарори бунинг яққол мисоли бўла олади.

Мазкур қарордан кўзланган мақсад буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг бой мероси, у зотнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни миллатлар ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинч-тотув ҳаётни қадрлаш ва мустаҳкамлаш руҳида тарбиялаш, шунингдек, халқаро миқёсдаги маънавий-маърифий мулоқот ва ҳамкорликни кучайтиришдан иборат.

Ўз буюк аждодларини эъзозлаган, уларнинг илмий мероси, бунёдкор ғояларини ўзининг маънавий тараққиёти маёғи ўлароқ тутган халқ ҳеч қачон кам бўлмайди. Шундай экан, барчамиз юрт раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган бундайин савобли ишларга дахлдорлик ҳисси билан яшашимиз, бунда ҳар биримиз ўзимизнинг касбимиз ва йўналишимиздан келиб чиқиб масъулиятни ҳис қилган ҳолда ҳаракат қилишимиз биз учун ҳам фарз, ҳам қарз.  

 

С.Шарипов