Мустақилликнинг илк кунлариданоқ ҳукуматимиз томонидан миллий ва диний қадриятларни тиклаш, улуғ аждодларимизнинг ёрқин хотираларини эъзозлаш, уларнинг илмий-маънавий меросларини ўрганиб, кенг жамоатчиликка етказиш, халқимизни маърифий ислом таълимотлари билан баҳраманд этиш борасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида қад рослаган улуғ аллома Имом Абу Исо Термизий зиёратгоҳи ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан зиёратгоҳда кенг кўламли бунёдкорлик ишлар амалга оширилди. Хусусан, буюк муҳаддис мақбараси, унга туташ бинолар реконструкция қилиниб, қисқа фурсат ичида зиёратгоҳ маҳобатли ва хушманзара қадамжога айлантирилди.

Зиёратгоҳ ҳудудидаги барча шароитларга эга кутубхона, йиғилиш зали, масжид биносининг тубдан қайта қурилиб, фойдаланишга топширилиши Рамазон ойида халқимиз учун катта туҳфа бўлди.

Жорий йилнинг 31 май куни бўлиб ўтган зиёратгоҳ ва масжиднинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, юртимиз уламолари, нуронийлар, маҳалла фаоллари иштирок этдилар. Маросимдан аввал 300 нафар тадбир иштирокчиларига ифторлик дастурхони тузалди.

Ифторликдан сўнг иштирокчилар Имом Термизий мақбарасини зиёрат қилиб, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва бу хайрли ишларга бошчилик қилаётган Президентимиз ҳақларига дуои хайрлар қилдилар. Сўнгра масжидда биринчи бор 1500 дан зиёд намозхон иштирокида таровеҳ намози ташкил этилди.

Унда муфтий У.Алимов бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, тинчлик неъмати, неъматларга шукроналик, юртбошимиз томонидан динимизга берилаётган эътибор, ҳусусан, Имом Абу Исо Термизий ҳамда Абул Муин Насафий зиёратгоҳларини реконструкция қилиш,  Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини, Самарқанд вилоятида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ҳамда Бухоро шаҳрида Мир Араб Олий мадрасасини ташкил этиш бўйича амалга оширилган самарали ишлар ҳақида маъруза қилди.

Имом Абу Исо Термизий мажмуасининг очилиш маросими ҳамда таровеҳ намози байрамона шукуҳ ва кўтаринки кайфиятда ўтказилди.

   

Дин ишлари бўйича қўмита