2016 йил 18 март куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Мустақиллик йилларида диний таълим соҳасидаги ислоҳотлар” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент православ ва протестант семинариялари, давлат ва жамоат ташкилотлари, диний таълим муассасалари вакиллари, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Анжуманда диний таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, диний таълим муассасаларида юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тарбияланган мутахассислар етишиб чиқаётгани, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларимизни диний ақидапарастлик ва экстремизм хатаридан ҳимоя қилишда диний таълим соҳасида хизмат қилаётган ходимлар олдида улкан вазифалар тургани хусусида сўз борди.

Тадбир иштирокчиларининг “Баркамол авлод ва юксак малакали диний кадрларни етиштиришда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ўрни”, “Тошкент ислом институти: кеча ва бугун”, “Ўзбекистонда православ руҳонийларининг тайёрланиши”, “Тошкент ислом университетининг халқаро ҳамкорлиги” мавзулардаги маърузалар тингланди.

   Маълумки, мустақилликнинг илк йилларидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси таркибида замонавий талабларга жавоб берадиган диний таълим тизимини яратишга катта эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан 1999 йилда диний ва дунёвий фанларни ўзаро уйғунликда ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб боришга қодир юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Тошкент ислом университети ташкил этилган. Университет қошида таъсис этилган Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази Қуръон ва ҳадисларнинг диний ақидапарастлик ва мутаассибликка қарши курашдаги ўрнини очиб бериш, ислом маданиятини умуминсоний маданият ривожига қўшган ҳиссасини тизимли ўрганиш каби йўналишларда фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Дин соҳасидаги маънавий, маърифий таълим ишларини ва фаолиятини янада такомиллаштиришида ижтимоий кўмак ва имтиёзлар бериш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Тошкент ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртлари дипломлари давлат таълим ҳужжати сифатида эътироф этилди.

Ўтган давр ичида диний таълим муассасалари учун ақоид, фиқҳ (ислом ҳуқуқи), тафсир, ҳадисшунослик, араб тили ва грамматикасига оид ўнлаб ўқув қўлланмалар чоп этилди. Шунингдек, ёшларни маънавий бой ва баркамол бўлиб етишишлари учун “Муқаддас динимизга юксак эътибор ва эҳтиром”, “Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари”, “Ўзбекистон – бағрикенг диёр”, “Ислом ва ақидапараст оқимлар” каби кўплаб китоб, рисола ва ўқув услубий қўлланмалар нашр этилди.

2008 йилдан буён Самарқандда Имом Бухорий халқаро маркази фаолият юритиб келмоқда. Марказда Қуръони карим ва ҳадис илми бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш ва республика имом-хатибларнинг касбий маҳоратини оширишга ихтисослашган таълим масканига айланди.

Шулар қаторида, республикамизда фаолият юритаётган православ ва протестант семинарияларида христиан дини йўналишидаги мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган бўлиб, православ семинариясида нафақат Ўзбекистон, балки яқин хорижий мамлакатлар учун ҳам дин соҳасидаги мутахассисларни етиштириб чиқараётгани қувонарли.

Мамлакатимизда диний таълим тизими фаолияти маърифатсевар халқимизнинг диний онги ва маданиятини тўғри шакллантириш, ёш авлодни дин ниқоби остидаги оқимлар таъсиридан ҳимоя қилишдек эзгу мақсадларга хизмат қилади. Зеро, таълим, шу жумладан, диний таълим ва тарбия инсон камолоти ва миллат равнақининг энг асосий шартларидан биридир.

Тадбир доирасида “Мовароуннаҳр” ва Тошкент ислом университети нашриётлари томонидан чоп этилган диний-маърифий мазмундаги адабиётлар кўргазмаси ташкил қилинди.