"Ҳаж – 2024" мавсумини юқори даражада ташкил этиш масалалари муҳокама этилди

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 7 январь куни Жидда шаҳрида Ўзбекистон делегацияси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда Ҳаж ва умра вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокида ўзаро алоқаларнинг истиқболлари ҳамда "Ҳаж – 2024" мавсумини юқори даражада ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.  

Учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик равнақ топаётгани, ҳаж ва умра қилувчилар сони кескин ошаётгани, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Муқаддас масжид ходими, Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиққани алоҳида қайд этилди.

Ҳаж ва умра вазири сўнгги йилларда Ўзбекистон энг яхши натижаларга эришаётгани ва жадал тараққий этаётганини таъкидлаш баробарида аввалги йилдаги Ўзбекистон заминига ташрифи бир умр ёдида қолганини билдирди.  

Учрашувда Ўзбекистон делегацияси ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш борасида ўз фикр-мулоҳазаларни тақдим этдилар.

Мулоқот якунида Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида муборак сафарларни янада яхшилаш юзасидан келишув имзоланди.

Дин ишлари бўйича қўмита 
Ахборот хизмати

08.01.2024.