«8-декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун!” мавзусида давра суҳбати

Жорий йилнинг 7 декабрь куни Дин ишлари бўйича қўмитада “8-декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун” муносабати билан маънавий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди.

Байрам тадбири Давлатимиз мадҳиясининг Қўмита ходимлари томонидан  жўр овоздаги куйлашлари билан бошланди.

Тадбирни Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов табрик нутқи билан очиб берди. 

Шундан сўнг, меҳмон сифатида таклиф этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти М.Қаххорова томонидан давлатимиз Конституциясининг тарихи, шаклланиш босқичлари, аҳамияти ва ўзига хослиги каби мавзуларда фикрлар билдирилди.

Шунингдек, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда жамиятнинг барча жабҳалари қамраб олингани, инсон қадри учун тамойилига асослангани ҳамда халқаро стандартларга тўла жавоб бера олиши борасидаги фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтилди.

Қўмита раисининг ўринбосари Д.Ғуломова томонидан ҳам Конституциямизнинг юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, ободлик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдевори сифатида қалбимизга туганмас ифтихор бағишлаши хусусида сўз юритилди.

Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, Конституциямиз юксак адолат, инсонпарвалик, ҳаққонийлик тамойилларини ўзида жамлаган бўлиб, пухта ва изчил қоидалар тўплами ҳисобланади. Оқилона ишлаб чиқилган қонун давлат ва жамият манфаатлари учун хизмат қилади. Шу маънода, Конституциямиз мустақил мамлакатимизнинг маънавий-маърифий, иқтисодий-сиёсий юксалишига асосий омил, пойдевор дейиш мумкин.

Байрам тадбири кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Дин ишлари бўйича қўмита 
Ахборот хизмати

07.12.2023.