Халқаро ҳамкорлик ривожи йўлида яна бир қадам

Бугун, 20 ноябрь куни Бирлашган Араб Амирликларининг «Мусулмон оқсоқоллар кенгаши» Бош котиби Муҳаммад Абдулсалом бошчилигидаги делегация юртимизга ташриф буюрди.

Меҳмонлар соҳа раҳбарлари томонидан кутиб олинди.

Самимий ва дўстона кечган мулоқотда сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳага берилаётган эътибор, «жаҳолатга қарши маърифат» билан кураш тажрибаси ҳақида сўз юритилди.

Ўз навбатида Муҳаммад Абдулсалом Ўзбекистонга ташрифидан мамнун эканини таъкидлади. Томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари ривожланаётганини эътироф этди. 

Маълумки, «Мусулмон оқсоқоллар кенгаши» мустақил халқаро ташкилот бўлиб, у 2014 йил 18 июль куни Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида ташкил этилган.

Кенгаш фаолияти БАА президенти шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён томонидан қўллаб-қувватланади ҳамда молиялаштирилади.

Кенгашнинг асосий мақсади мусулмон оламида тинчликни тарғиб қилиш, низоларни тўхтатишда биргаликда ҳаракат қилиш ҳисобланиб, кенгаш бошқаруви аъзолигига ўзининг мустақиллиги ва мўътадиллиги билан нуфузга эришган мусулмон олимлари ва экспертлари жалб қилинган.

Мулоқот якунида ҳурматли меҳмонга мутасаддилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Дин ишлари бўйича қўмита 
Ахборот хизмати

20.11.2023.