“ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК” кўкрак нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди

Сўнгги йилларда “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни”муносабати билан турли конференция ва анжуманлар, давра суҳбати ва учрашувларни ўз ичига қамраб олган “Бағрикенглик ҳафталиги”нинг ўтказилиши – жамиятда бағрикенглик ғояларининг мустаҳкамланиши, турли миллат ва элат ҳамда диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ.

Таъкидлаш лозимки, охирги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳа ривожи йўлида кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. 

Ушбу жараён соҳа ходимларидан ҳам алоҳида масъулият ва фаоллик талаб этади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, уларнинг фидоийлиги, шарафли меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан эътироф этилиб, қадрланмоқда.

Жорий йилнинг 14 ноябрь куни пойтахтимизда байрам муносабати билан бир гуруҳ ҳамюртларимиз «Диний бағрикенглик» кўкрак нишони билан тақдирландилар.  

Унга турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари ва диний конфессия вакиллари, миллий маданий марказлар фаоллари, юртимизда миллатлараро дўстлик ва диний бағрикенглик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган ҳамюртларимиз ҳамда ОАВ вакиллари таклиф этилди. 

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев юксак мукофотга сазовор бўлганларни самимий муборакбод этиб, бугун юртимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган ҳамюртларимизга катта муваффақиятлар тилади ва юксак мукофотларни эгаларига топширди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 сентябрдаги “Диний бағрикенглик” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, ушбу кўкрак-нишони билан диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, фуқаролар эътиқод эркинлигини таъминлаш, динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва маънавий муҳит барқарорлигини сақлашдаги ибратли ишлари учун етук уламолар, атоқли арбоблар, диний соҳа раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий олимлар тақдирланиши белгиланган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқ Тошбоев юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар натижасида фуқароларнинг виждон эркинлиги, дин ва миллатлараро тотувлик таъминланаётгани, мазкур нишоннинг таъсис этилгани эса ҳукуматимизнинг диний соҳага бўлган юксак эътиборининг яққол намунаси эканини таъкидлади.

Мукофотланганлар ўзларининг қувончлари, ички кечинмаларини изҳор қилиб, юксак эътиборга сазовор бўлиш ҳисси уларни янада улуғвор ишларга ундашини, ёш авлодни бағрикенглик руҳида тарбиялашда янги куч-ғайрат беришига асос бўлишини таъкидладилар.

Дин ишлари бўйича қўмита 
Ахборот хизмати

14.11.2023.