Ўзбекистон Республикаси
Дин ишлари бўйича қўмитаси
раиси Тошбоев Содиқ Донақуловичнинг байрам
ТАБРИГИ

Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар!

Бугун, 21-октябрь – «Ўзбек тили байрами» куни. Аввало, барча юртдошларимизни бугунги байрам билан чин қалбимдан табриклайман.

Бу йил бетакрор Ўзбек тилимизга давлат тили мақоми берилганига 34 йил тўлди.

Шу кунларда мазкур сана муносабат билан мамлакатимиз бўйлаб маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда, «Ўзбек тили байрами» куни сифатида кенг миқёсда нишонланмоқда.

Зеро, жондан азиз Ватанимиз мустақиллиги, халқимиз ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясида она тилимизнинг юксак мақомга эга бўлгани муҳим аҳамият касб этган. 

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда она тилимиз мавқеи ва мақомини юксалтириш борасидаги ишлар мутлақо янгича босқичга кўтарилди.

Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз натижасида она тилимиз нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга бўлиб бормоқда. Айниқса, она тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида, улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.

Яна бир бор, барчамизга 21-октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун — қутлуғ сана, улуғ байрам муборак бўлсин!

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати

21.10.2021.