Таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди

Айни пайтда юртимиз таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди. Шу жумладан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда барча олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида 2023/2024-ўқув йили муносабати билан «Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!» деб номланган байрам тадбирлари бўлиб ўтди.

Таълим муассасаларида 2023/2024-ўқув йили муносабати билан «Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!» деб номланган «Мустақиллик дарси» ўтказилди. Унда 1-босқичига қабул қилинган талабалар иштирок этди.

Дарслар давомида профессор-ўқитувчилар томонидан истиқлол, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллиги, унинг фуқароларимиз тақдиридаги аҳамияти, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти ҳақида маъруза қилинди.

Ёшларга ватанни севиш ҳақиқий бахт экани, мамлакатимиз тинчлигини асраб-авайлаш, унинг тараққиётига ҳисса қўшиш ҳар бир фарзанднинг бурчига айланиши, энг асосийси, бу ният ва мақсадларга эришиш йўлида талабалар кучли билимга эга бўлиши, одоб-ахлоқ, тарбия билан камолга етиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.   

Шунингдек, мазкур дарсларда йигит-қизларга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган Учинчи ренессанснинг мазмун-моҳияти, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида эришилган ютуқ ва марралар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётгани ҳаётий мисоллар воситасида тушунтирилди.

04.09.2023.