Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги Қўмондонлик таркиби офицерлари учун “Ҳарбий хизматчиларда бузғунчи ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш асослари” йўналишида малака ошириш ўқувлари якунланди. 

72 соатга мўлжалланган мазкур ўқувларда жами 40 нафар тингловчи иштирок этди.

Мазкур малака ошириш ўқувларидан кўзланган мақсад ҳарбий хизматчиларда ислом динининг инсонпарварлик ва тинчликварпарлик ғоялари тўғрисида, шунингдек, ҳарбий хизматчилар шахсий таркиб офицерлари ва фуқаролар билан ишлаш жараёнида турли ёт ғоялар: экстремизм, терроризм, радикализм, ақидапарастлик, миссионерлик ғояларга қарши курашда мафкуравий иммунитетларини мустаҳкамлаш ҳамда соҳага доир билим ва кўникмаларини янада ривожлантиришдан иборат.

Шу муносабат билан Академия катта залида малака ошириш ўқувлари якуни бўйича битирув тадбири бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Илёс Мирзиётов, Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Зоҳиджон Исломов, Малака ошириш маркази Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Б.Исомиддинов, профессор-ўқитувчилар ва тингловчилар иштирок этди. 

Тадбир якунида тингловчиларга сертификатлар, эсдалик совғалари ва ўтилган дарс машғулотлари бўйича тарқатма материаллари топширилди.