Аввал хабар берганимиздек , шу йил 20 июнь куни Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра вазири таклифига биноан Жидда шаҳрида ўтказилган ҳаж симпозиумида иштирок этди.

Мазкур анжуманда 50 дан зиёд давлатдан келган жами 500 нафар иштирокчи қатнашди, ўнлаб илмий-маърифий маърузалар қилинди, янгича хизматлар ва инновацион лойиҳалар тақдимоти ўтказилди ҳамда мавзуга доир кўргазмалар намойиш этилди.

Эътиборлиси, очилиш маросимида ҳаж-умра хизматлари ривожланиш жараёнлари ҳақида кўрсатилган махсус фильмда Ҳаж ва умра вазирлиги билан Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик алоқаларига алоҳида урғу берилди.

Хусусан, 2022 йил август ойида Ҳаж ва умра вазирининг юртимизга келгани ва 2023 йил январь ойида эса Ўзбекистон делегациясининг Саудия Арабистонига ташрифига оид лавҳалар иштирокчиларга намойиш этилди.