Айни кунларда юртдошларимиз Маккаи мукаррамада тоат-ибодатларини кўтаринки руҳ ва кайфиятда давом эттирмоқда.

 Ишчи гуруҳ томонидан зиёратчиларимизнинг ибодати, сиҳат-саломатлиги, рисоладагидек истиқомат қилиши ҳамда витаминга бой озиқ-овқат маҳсулотлари билан таомланиши учун барча қулайликлар яратилган.

 Хусусан, Макка шаҳрида "Рошидия",  “Аброж Дана”, “Лаба Дарна” ва “Руба ал-Ҳижаз” меҳмонхоналарида ўзбекистонлик моҳир ошпазлар зиёратчилар учун тансиқ таомлар тайёрлаб беришяпти. Эрталабки нонушта, тушлик ва кечки таомда икки хилдан иссиқ овқат ва ҳар хил мева-чевалар тақдим этиляпти. Масалан, эрталабки нонуштада иссиқ таомлар билан бирга тухум, сариёғ, пишлоқ, асал, ҳолва кабилар қўшимча қилинса, тушлик ва кечки овқатланиш рационидан ҳўл мевалар, салқин ичимликлар, қатиқ ва салатлар ўрин олган.

Бир сўз билан айтганда, зиёратчиларимиз яратилган шароит ва имкониятлардан мамнун бўлиб, дуолар қилишяпти.