Саудия Aрабистонининг марказий нашри – “Ар-Риёз” газетасида ўзбекистонлик зиёратчиларни тантанали кутиб олиниши, ибодат қилишга қулай шароит яратилгани ва юқори даражада хизмат кўрсатилаётгани ҳақида мақола чоп этилди.

Унда зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи “Тавофа” компанияси раиси Муҳаммад Маажинийнинг сўзлари келтирилган. У мавсумга барча ташкилий ишлар амалга оширилганини қайд этиб, бу йил ҳожилар ибодатларини мукаммал адо этиши учун муносиб шароитларни ҳозирлаш ҳамда зиёратни эмин-эркин адо этишлари учун намунали хизмат кўрсатишга жиддий ҳаракат қилинаётганини алоҳида таъкидлаган.

 Ўз навбатида, мақолада ўзбекистонлик ҳожилар кутиб олиш, меҳмонхонага жойлашиш каби йўналишлардаги энг олий даражада  кўрсатилаётган хизматлардан миннатдор экани алоҳида баён этилган.

Маълумот ўрнида, “Ар-Риёз” газетаси 52 саҳифали кунлик нашр бўлиб, 150 000 ададда чоп этилади, alriyadh.com веб-сайтидаги маълумотлар ҳам оммабоп ҳисобланади.