Бугун, 7 июнь куни эрта тонгда Маккаи мукаррамага етиб келган зиёратчиларимиз “Ҳаж – 2023” ишчи гуруҳи раҳбари Содиқ Тошбоев, хизмат кўрсатувчи мактабалар (муассасалар) вакиллари ва бошқа масъуллар томонидан тантанали равишда катта эҳтиром билан кутиб олинди.

 Юртдошларимиз муҳташам “Roshidiya” меҳмонхонасига киришлари биланоқ уларга кўрсатилган эҳтиромдан қалблари сурурга тўлди. 

 Меҳмонхона фойесида ҳожиларимизни кутиб олиш учун махсус тайёргарлик кўрилган: гиламлар тўшалган, ҳамма зиёратчилар истиқболига ошиққан, кайфият кўтарингки. Аллоҳнинг меҳмонлари узун йўлакдан кириб келар экан, уларга зам-зам суви, хурмо, ширинликлар ва эсдалик совғалари улашилди.

 Том маънода, ҳожиларимиз ижтимоий давлат тамойилининг амалий ифодасини, инсон қадри учун ғоясининг татбиқини муборак заминда ҳам тўлиқ ҳис қилмоқдалар. Макка шаҳрига етиб келган зиёратчиларимиз уларга кўрсатилаётган эҳтиромдан мамнун бўлиб, моҳир ошпазларимиз пиширган лаззатли таомлардан баҳраманд бўлдилар.

Айни пайтда, Таматтуъ ҳажини ният қилган зиёратчиларимиз умра амалининг қолган рукнларини бажаришга ҳозирлик кўрмоқдалар.

 Сафар билан боғлиқ жараёнларни расмий саҳифаларимизда кузатиб боринг.

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати