Бугун, 9 май куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бошланган «Диний эркинликдан диний масъулият сари: қўллаб-қувватлаш ва ҳаракат ҳамжамиятларини қуриш» номли халқаро конференцияда Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда. Шу йилнинг 11 май кунига қадар давом этадиган ушбу тадбирда халқаро ташкилотлар вакиллари, диний конфессиялар етакчилари, машҳур олимлар, таниқли уламолар ҳамда соҳа экспертлари жами 100 дан зиёд иштирокчи қатнашмоқда.

Қайд этиш керакки, мана шундай йирик форум 2022 йил 16-19 май кунлари Тошкент ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтган эди. Халқаро учрашувнинг асосий натижаси сифатида “Бухоро декларацияси” қабул қилинган эди. Бундан илгари Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак ва Пунто-дел-Эстеда қабул қилинган декларацияларни тўлдирадиган ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини халқаро даражада қарор топтиришга муҳим ҳисса қўшмоқда.

Мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистон делегацияси сифатида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов, бир қатор диний соҳа вакиллари ҳамда диёримиздаги диний конфессиялар вакиллари иштирок этмоқда.

Халқаро тадбирда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган Ўзбекистондаги миллатлараро дўстлик, динлараро аҳиллик борасидаги қадим анаъналар ва бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар юқорида баҳоланди. Эътиборлиси, очилиш маросимида 2022 йил Тошкент ва Бухорода ўтган конференциядан видеолавҳалар тақдим этилди.

Анжуманда сўзга чиққан Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов Ўзбекистонда миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлиги таъминланиши, барча диний конфессиялар эркин фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилгани, миллатлар ва конфессиялар ўртасида тотувлик ҳамда ҳамжиҳатликни таъминлаш сиёсати изчил давом эттирилаётгани ҳақида муҳим маълумотларни иштирокчиларга тақдим этди.

АҚШ Глобал жалб қилиш институти асосчиси Крис Сайпл АҚШ-Ўзбекистон  муносабатлари ҳақида тўхталиб, кейинги йилларда Ўзбекистонда қисқа вақт давомида амалга оширилган ислоҳотлар бутун дунё учун ўрнак бўлиши лозим эканини 20 га яқин мамалакатдан келган делегатлар олдида маълум қилди.

Шунингдек, тадбир доирасида турли давлатлар диншунос олимлари, амалиётчи мутахассисларига жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлаб туришнинг муҳим шарти сифатида динлараро самарали мулоқот ўрнатиш соҳасидаги энг яхши халқаро амалиёт, илғор хорижий тажрибалар намойиш этилмоқда.

Конференция ишида кўп миллатли жамиятда конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш, диний эркинлик масаласида қонун устуворлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш бўйича илғор амалиёт билан танишиш юзасидан илмий-амалий маърузалар ҳам иштирокчилар эътиборига тақдим этилиши белгиланган.

Ўзбекистон делегациясининг Қатарга сафари давом этмоқда.