Халқимизнинг маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, муқаддас ислом динининг эзгу ғояларини яққол ифода этадиган қадимий байрамимиз Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш, жамиятимизда инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак фазилатларни камол топтириш мақсадида чиқарилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ 2018 йил 21-23 август кунлари – Қурбон ҳайитининг биринчи уч куни мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан, юртимизда ҳайит байрамига кўрилган тайёргарлик, уни муносиб кутиб олиш ва ўтказиш бўйича олиб борилган ишлар, шунингдек, байрам муносабати билан кам таъминланган, ёрдамга муҳтож инсонларга кўрсатилган моддий ёрдамлар, «Вақф» хайрия жамоа фондига ҳайит куни келиб тушган мақсадли маблағлар ва бошқа муҳим маълумотларни ОАВ етказиш мақсадида Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан биринчи маротаба «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида» БРИФИНГ ташкил этилди.
Брифингда қуйидаги маълумотлар берилди:

Ҳайит намози бўйича
Бугун, Қурбон Ҳайитининг биринчи куни 21 августда соат тонгги 05:45 дақиқадан то 06:40 дақиқагача бўлган белгиланган вақтда Республикамиз минтақалари кесимида Ийд ал-Адҳо – Қурбон ҳайити намози адо этилди.
Республикада фаолият кўрсатаётган 2056 та масжиддан 1982 тасида 1 миллион 903 минг 690 нафар фуқароимиз ҳайит намозини ўқиди. Жумладан, Андижон вилоятида 170 та, Наманган вилоятида 183 та, Фарғона вилоятида 188 та, Сирдарё вилоятида 68 та, Тошкент вилоятида 223 та, Тошкент шаҳрида 106 та, Жиззах вилоятида 166 та, Сурхондарё вилоятида 107 та, Самарқанд вилоятида 273 та, Бухоро вилоятида 102 та, Навоий вилоятида 68 та, Қашқадарё вилоятида 182 та, Хоразм вилоятида 97 та ва Қорақалпоғистон Республикасида 50 та масжидда адо этилди. Тошкент шаҳрида 106 та масжидда 349 минг 390 нафар ҳамюртимиз Ҳайит намозида иштирок этди. Хусусан, Ҳазрати Имом мажмуасига 14 минг 373 нафар, “Минор” масжидида 12 минг 123 нафар,  Кўкча масжидида 27 минг 225 нафар, Ислом ота жоме масжидида 10 минг 400 нафар фуқароимиз жам бўлдилар.
Намозда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, мустақиллик туфайли исломий қадриятларнинг тикланиши ва ривожланиши, диний эътиқод эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва эзгулик ишларига Муҳтарам Юртбошимиз томонидан берилаётган юксак эътиборга шукроналик билдириб, дуолар қилишди. Хавфсизликни таъминлаш учун ички ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида Ҳайит намозини жойларда тартибли, тинч-осойишта ўтиши таъминланди. Барча катта масжидларга тез тиббий ёрдам машиналар бириктирилди (2862 нафар тиббиёт ходими, 1457 та машина,1530 та тиббиёт пункти) ва аҳолидан ҳеч қандай шикоятлар бўлмади.

Ҳайит байрамини нишонлаш бўйича:
Республикамизнинг барча туман, маҳалла, чекка қишлоқ ва овулларида, маданият ва истироҳат боғларида барча шароитлар яратилиб, маҳалла гузарларида савдо хизмати шахобчалари фаолият кўрсатмоқда. Жорий йил 18-19 август кунлари ташкил этилган умумхалқ хашарида мавжуд қадамжолар, тарихий обидалар ва қабристонларга асосий эътибор қаратилди. Республиканинг барча ҳудудларида жами 10984 та, жумладан, 519 та қадамжолар, 850 та ёдгорликлар, обидалар, 9615 та зиёратгоҳ ва қабристонларда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди ва бу ишлар давом этмоқда. Олис қишлоқлардан марказдаги зиёратгоҳ ва масжидларга кексалар махсус автобусларда олиб келиниб, уйларига қайта кузатиб қўйилдилар. Жойларда амалга оширилган моддий ёрдамлар 5 млрд. 343 млн. 87 минг сўм бўлиб, жумладан, 54849 та ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилаларга 4 млрд. 975 млн. сўмдан ортиқ, 89 та “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саҳоват” уйларига эса  367 млн. 425 минг сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди ва бу каби ишлар давом этмоқда. Бириктирилган давлат ва жамоат ташкилотлари – “Маҳалла”, “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи”, “Нуроний” ҳамда ҳокимлик каби вакиллари томонида н уларга катта ҳурмат-эътибор кўрсатилди. Республикадаги барча бозорларда тўкин-сочинлик, озодалик, тартиб-интизом таъминланиб, маҳсулотларнинг нархлари 10-15 фоизга пасайтирилиши кузатилди ва бу ҳолат фуқароларимизнинг кайфиятини кўтариб уларга байрамона қувонч бахш этди.

Халқимиз, айниқса оқсоқоллар, нуроний онахонлар ва ёшларимиз жаннатмакон юртда яшаётганидан, унда тинчлик, тартиб-интизом, барака ҳамда Давлат раҳбаримиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли хайрли ишлардан ғурурланиб, хурсандчилик кўз ёшлари билан дуолар қилмоқдалар. Қурбон ҳайити муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар ҳамда диний соҳа вакиллари, имом-хатиблар иштирокида ташкил этилган 100 дан ортиқ чиқишлар марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари, Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб борилмоқда. 

Яна бир маълумот, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан ташкил этилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондига шу бугун, Ҳайит байрами куни дастлабки маълумотларга кўра, 3 млрд. 998 млн. 485 минг 965 сўм маблағ келиб тушди. Мазкур маблағларнинг тасарруфи шаффофлик асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Шу ўринда маълумот учун:
Бугунги кунда Ислом арконларидан саналмиш Ҳаж ибодатини адо этиш учун кузатилган Ўзбекистонлик зиёратчиларимиз соғ-саломат. Ҳаж сафари давомида яратилган шароитлар ва юксак эътибор учун шукроналик билдириб, Юртимиз тинчлиги ва омонлиги йўлида дуолар қилмоқдалар. Зиёратчилар Ҳаж сафарида 27 август - 14 сентябрь кунлари махсус жадвалга мувофиқ қайтишлари режалаштирилган.

Фурсатдан фойдаланиб, меҳр-оқибат, саховат ва шукроналик байрами – Қурбон ҳайити билан барча юртдошларимизни Дин ишлари бўйича қўмита номидан самимий қутлаймиз!

ДИҚ Матбуот хизмати