Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон бугун, 17 август куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Ташриф асносида ташкил этилган тор ва кенг доирадаги музокараларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, унга узоқ муддатли ва кенг кўламли тус беришнинг устувор йўналишларини белгилаб олинди.

Шунингдек, турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги анъанавий қардошлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган салмоқли давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги дин ишлари, миллий қадриятлар, базмлар ва маросимларни тартибга солиш бўйича қўмита ўртасида соҳага оид ўзаро англашув меморандумига имзо чекилди.

 

ДИҚ Матбуот хизмати