Мамлакатимизда Ҳаж сафарига борувчи номзодларни танлашда адолат тамойилларига қатъий амал қилиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш, шунингдек, ҳажга борувчиларни саралаш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги қарорига асосан Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Энди моддий имконияти етган киши муборак сафарга кетавермайди, аксинча, унинг юксак маънавияти, ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги ҳамда жамият манфаати йўлидаги жонкуярлиги ҳам инобатга олинади.

Шунингдек, фуқаронинг руҳан ва жисмоний жиҳатдан сафарга тайёрлиги, саломатлиги талабга жавоб бериши, аввал Ҳаж зиёратига бормаганлиги, Ислом дини ва Ҳаж ибодати ҳақидаги тушунчага эга бўлиши, маънавияти, одоб-ахлоқи, маҳалладаги обрў-эътибори, оиласидаги маънавий муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши каби ҳолатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Фарғона вилоятида ҳам низомга киритилган янги талабларга мувофиқ суҳбат ўтказилиб, муборак Ҳаж сафарига борувчилар сараланди. Жорий йилда вилоятдан 970 нафар зиёратчи ва 19 нафар гуруҳ раҳбари муборак зиёратга бориши режалаштирилган.

Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Ҳаж ва Умра ҳайъати томонидан жорий мавсумни белгиланган тартибда ўтказилишини таъминлаш мақсадида муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, фуқароларни Ҳаж зиёратига тавсия этиш жараёнида турли кўнгилсиз ва қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш учун туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ташкилий гуруҳлари аъзолари, бош имом-хатиблар маҳаллаларга бириктирилди. Зиёратга тавсия этиш жараёни назоратга олинди. Фуқароларнинг Ҳаж амалларини бажариш борасидаги билимларини ошириш мақсадида туман ва шаҳарларда ўқувлар ташкил этилаётир. Махсус диск ва қўлланмалар, сумка, нимчалар ҳар бир зиёратчига етказиб берилди.

Шунингдек, сафаролди тайёргарлик ишларини юқори даражада ташкил этиш мақсадида туман ва шаҳарларда зиёратчиларни кузатиш ва кутиб олиш пунктлари ташкил этилиб, пунктларда ички ишлар идоралари ходимлари томонидан жамоат тартибини сақлаш ва шифокорларнинг навбатчилигини йўлга қўйиш тизими ишлаб чиқилди.

Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги театр ва концерт саройида муборак Ҳаж зиёратига борувчи фуқаролар билан ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосари Қ.Имомов, вилоят бош имом-хатиби У.Абдуллаев, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Т.Холдоров ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш, ички ишлар, божхона идоралари вакиллари иштирок этди. Унда муборак зиёратнинг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, барча зарур тавсиялар берилди.

Матбуот хизмати