Ўзбекистон миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида “Вақф” хайрия жамоат фондининг ташкил этилиши ва фолиятига бағишланган  матбуот анжумани ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбарияти ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Ҳозирда фондга “Payme”, “Click” ва “М-банк” электрон тўлов тизимлари орқали маблағларни жалб этишга мўлжалланган хизматлар ишга туширилди. Берилган кўрсатмаларга асосида Тошкент шаҳридаги 12 та йирик масжид ва “Зангиота” зиёратгоҳи ҳудудига “Капиталбанк”, “Ипотекабанк” ва “Ипак йўли банк”ларининг инфокиосклари ўрнатилди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди низомидан келиб чиқиб, жамғармага тушган маблағларни мақсадли сарфлаш бўйича асосий сарф-харажат йўналишлари ишлаб чиқилди (бу ҳақда фонд тарқатма материалида кўрсатилган).

Нуриймон Абулҳасан, Ўзбекисон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари:

– Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан диний-маърифий соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳага доир фармоннинг қабул қилиниши ва шу асосда “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиши фикримиз исботидир. Шуни қайд этиш керакки, бу амалга оширилаётган ишлар фармонда белгиланган вазифаларнинг бошланиши. Ҳали олдинда кўплаб йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилади. Биргина ушбу фонднинг ташкил этилиши аҳолига катта қулайлик яратади. Яъни, инновацион техналогиялар соҳага жорий қилинди. Авваллари фуқароларимиз диний мажбуриятларни бажариш чоғида кўплаб тушунмовчиликларга дуч келган. Мисол учун, закот беришни олайлик. Улар кимга ва қандай тартибда закот бериш лозимлигини билмаган. Ҳозирда эса бу муаммоларни бартараф этиш учун фонд ташкил этилди. Аҳоли қулай электрон тизими орқали ҳам закот ва эҳсонларини кўрсатилган ҳисоб рақамларига юбориши ва бу билан масжид, зиёратгоҳ, диний таълим муассасаларини қуриш ва таъмирлаш ишлари,  аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда кўплаб бошқа эзгу мақсадларга ўз ҳиссаларини қўшади.

Фондга нақд пул, пластик карталари ва электрон тўлов тизимлари орқали тушаётган маблағлар махсус дастур ёрдамида ягона серверда тўпланиб, таҳлил қилинади. Фонднинг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланган маблағларнинг мақсадли сарфланишида шаффофликни таъминлаш тўғрисидаги маълумотлар ҳам тақдим этиб борилади.

Жалолиддин Ҳамроқулов, “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси:

– Азиз юртдошлар, ушбу қутлуғ дамлар  саховат, хайр-эҳсоннинг айни фурсати.  Рамазон ойида ҳар бир амалнинг савоби 700 баробар зиёда қилиб берилиши ҳадиси шарифларда келган. Шунинг учун мамлакатимизда динимизнинг устунларидан бири бўлмиш закот ибодатини йилда бир бор Муборак Рамазон ойида адо этишади. Зеро, Закот: поклик ва барака демакдир.

Кўнгилларга меҳр улашиб, ўз маблағларини динимиз манбаларида белгиланган тартибда эзгу ишларга етказишни истаган мўмин-мусулмонлар, электрон тўлов тизими орқали закот, хайрия ва бошқа алоҳида тўловларни  мана бу ҳисоб рақамларига ўтказиши мумкин. 

Ахборот хизмати