Жорий йилнинг 29 май куни “Пойтахт” бизнес марказида Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда “Глобал тармоқда диний-маърифий мавзуларни ёритишга қаратилган таҳлилий қарашлар” мавзуида семинар тренинг ташкил этилди.

Семинарда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Н.Абулҳасан,  Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро иқтисодий муносабатлар кафедраси доценти З.Содиқов, Тошкент ислом институти ректори У.Ғофуров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими С.Шерхонов, “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқарув раҳбари Ж.Хамроқулов, Ахборот технологиялари ва коммуникация-ларини ривожлантириш вазирлигининг масъул ходими Ж.Қудратов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти вакиллиги ходими Н.Мавлянов ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Семинарнинг асосий мавзуси доирасида юртимизда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар, бунёдкорлик ва тараққиётга дахлдор ишларни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш, уларда бугунги тинч ва осуда ҳаёт учун шукроналик туйғусини мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситаларининг ўзига хос ўрни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг мазмун-моҳияти кенг ёритилди.

Шунингдек, Фармонда кўзда тутилган диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил марказининг истиқболли режалари, “Жаҳолатга қарши маърифат” устувор ғояси асосида диннинг инсонпарварлик моҳияти, эзгулик ва тинчлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни ташкил этиш, “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилганлиги ва тегишли идораларга фуқаролардан закот, фитр ва бошқа хайрия маблағлари сифатида тушадиган маблағлар “Вақф” хайрия жамоат фондининг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланиши ҳамда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган (шу жумладан, Интернет тармоғи орқали онлайн кузатиш имкониятини яратилган) ҳолда маблағларнинг тушиши ва сарфланишида тўлиқ шаффофликни таъминлаш бўйича  батафсил маълумотлар берилди.

Тадбир доирасида мамлакатимизда интернет ва диний-маърифий фаолиятга доир таҳлилий ва Интернет журналистиканинг ривожланиш тенденциялари, бугунги ҳолати ва истиқболдаги масалалар таҳлил қилинди.

Тадбирга таклиф этилган мутахассислар томонидан мамлакатимизда ҳамда хорижда Глобал тармоқда диний-маърифий мавзуларни ёритишга қаратилган таҳлилий қарашларнинг асосий омиллари, онлайн режимида фаолият юритишда журналистлар олдига қўйилган масалалар, халқаро жамоатчилик алоқалари, ахборот-сиёсий технологияларни қўллаш, шу билан бирга динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш ва  интернет орқали ёритилиши режалаштирилаётган диний мазмундаги барча маълумотларни Дин ишлари бўйича қўмита экспертиза бўлимидан ўтказилиши лозимлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Бундан ташқари, аҳолини чалғитувчи ва турли фитналарга сабаб бўлувчи ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чиқарилаётган фатволарга зид бўлган фатволарни эълон қилишга барҳам бериш лозимлиги таъкидланди.

Ўз навбатида Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Н.Абулҳасан, ОАВ таҳририятларига аҳолидан келиб тушаётган саволлар, ечими топилиши лозим бўлган муаммоларни муҳокама қилиш, тегишли тавсиялар бериш мақсадида доимий ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади.

Семинар кутаринки руҳда ва юқори савияда ўтди.

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати