26 апрель куни Чирчиқ шаҳридаги 13-сон мактабнинг мажлислар залида Чирчиқ шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг яқин туманларида фаолият олиб бораётган диний ташкилотлар, шунингдек, маҳалла фуқаролари йиғинлари фаоллари иштирокида семинар ўтказилди.

Семинар Тошкент вилояти ҳокимиятининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича хизмати томонидан ташкил этилган бўлиб, асосий мавзу диний бағрикенглик ҳамда ноисломий диний ташкилотлар фаолиятида кузатилаётган миссионерлик ва прозелитизм ҳолатлари ва уларга барҳам бериш масалаларига бағишланди.

Семинарда Дин ишлари бўйича қўмита конфессиялар билан ишлаш сектори консультанти Б.Қодиров маърузаси тингланди.

Маърузада бугунги кунда Республикада диний соҳада рўй бераётган ислоҳотлар, диний ташкилотлар ва диндорлар учун яратилаётган кенг ва қулай шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилиб, айни пайтда баъзи бир диний ташкилотлар ва уларнинг аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни бандларига зид равишда олиб борилаётган миссионерлик ва прозелитизм ҳолатларига алоҳида урғу берилди.

Тадбирда, шунингдек, Тошкент вилояти адлия бошқармаси вакиллари, масжидлар ва ноисломий диний ташкилотлар вакиллари ҳам сўзга чиқдилар. Сўзга чиққанлар бугунги кунда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва тотувликни кўз қорачиғидек асраш, мамлакатимиз ривожига ҳамма бир бош бўлиб интилиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир сўнггида мазкур йўналишдаги учрашув ва мулоқотларни бундан кейин ҳам албатта давом эттириш зарурлиги қайд этилди

.

Ахборот хизмати