Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларнинг ижросига бағишланган диний соҳа ходимларининг видеоселектори бўлиб ўтди.

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов ушбу Фармоннинг мазмун моҳияти, белгиланган вазифалар ва мазкур қўмита фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги бандларнинг аҳамиятини изоҳлаб берди.

Шунингдек, йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан қўмита тузилмасидаги ахборот-таҳлил маркази фаолияти тўғрисида, Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи Мирзо Кенжабек эса диний ходимларнинг илмий савиясини ошириш ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, академик Неъматулло Иброҳимов ҳамда Ўзбекистонда ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров мазкур Фармон бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

Шундан сўнг ҳудудлардан видеоселектор йиғилишида иштирок этаётган Бухоро вилояти бош имом-хатиби Мансур Нуруллаев, Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов, Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Усмонов, Қорақалпоғистон Республикаси мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсиддин Баҳоуддинов сўзга чиқишди. Жумладан бош имом-хатиб Абдулҳай Турсунов мазкур 15 та банддан иборат муҳим Фармон диний соҳа ходимларининг кўнглини тоғдек кўтаргани, жуда кўп имкониятлар берилгани, бу борада барча диний ходимлар ҳамжиҳатликда ишлашлари лозимлиги тўғрисида фикр билдирди.

Йиғилиш якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Матбуот хизмати