Сир эмас, сайёҳлик дунё иқтисодиётида ҳал қилувчи ўринларни эгаллаб келади. Кўплаб мамлакатлар айни шу соҳа орқали аҳолисининг фаровонлигини таъминлаяпти. Айрим мамлакатлар ўз тарихий масканлари, сўлим табиати, қадимий обидалари билан сайёҳларни жалб этаётган бўлса, айримлари бутунлай бошқа йўналишларда, хусусан, савдо ва хизматлар билан дунёга эшик очмоқда.

Айни шу жиҳатдан қараганда Ўзбекистон имкониятлари ҳеч қайси жабҳада ҳеч кимдан кам эмас. Бироқ, бу имкониятни рўёбга чиқариш борасида дўппини бошдан олиб, ўйлайдиган масалалар йиғилиб қолган эди.

Аввало, соҳа билан боғлиқ расмиятчиликлар, сайёҳларга хизмат кўрсатишдаги камчиликлар, нархлар ва хизматлар ўртасидаги тафовутлар... буларнинг барчаси улкан имкониятларимизга соя солиб турган эди.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев бу каби муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида ҳал қилувчи қарорлар қабул қилди.

Натижада қисқа вақт ичида Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар сони сезиларли даражада ошди.

Президентимизнинг ички туризмни ривожлантириш борасида илгари сурган ташаббуслари ҳам халқимиз кўнглидаги гап бўлди. Ўзбекистонда яшаб Ўзбекистонни билмайдиган одамлар жамоа бўлиб, тарихий шаҳарларимиз, муқаддас қадамжоларни қайта кашф этишмоқда.

Бизнингча, бу жараёнда ҳар бир ташкилот ва муассаса, шу юртнинг ҳар бир фуқароси фаол бўлиши зарур. Шунда бошланган хайрли ишлар янада жадаллашади. Меҳнатлар маҳсули тезроқ кўзга ташланади.

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ҳам ўз йўналишида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросига масъулият билан ёндашяпти.

Инспекция раҳбариятининг кўрсатмаси асосида йил бошидан тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар жойлашган ҳудудлардаги алоқа қамровлари ўрганиб чиқилди.

Аввало, Ўзбекистоннинг ташриф қоғозига айланган Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларидаги алоқа хизматлари синчковлик билан кўрикдан ўтказилди.

Ўрганиш кўрсатишича, Самарқанд шаҳрида жами 107та меҳмонхонадан 11таси оптик толали кабел орқали, қолган меҳмонхоналар АDSL технологияси асосида интернет тармоғига уланган.  Меҳмонхоналар ҳудуди барча мобил алоқа хизматлари билан тўлиқ таъминланган.

Бироқ, вилоятда жойлашган муқаддас қадамжоларнинг барчасида ҳам мобил алоқа операторларининг қамрови кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги Хўжа Дониёр ва Самарқанд вилоятининг Оқдарё, Пайариқ, Нуробод туманларида жойлашган зиёратгоҳларда қамров билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Жумладан, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи ҳудудида COSCOM, Uzmobile (GSM), Uzmobile (CDMA), RWC мобил компанияларининг 2G технологияси сигналлари қониқарли, бироқ 3G технологияси сигнали талаб даражасида эмас. Бу борада фақатгина UMS компаниясининг 2G ва 3G технологиясида муаммолар учрамайди.

Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳи ҳудудида COSCOM, UMS, RWC, Unitel компанияларининг 2G ва 3G қамровлари талаб даражасида, Uzmobile (GSM) нинг 3G сигналлари етарли эмас.

Имом ал-Бухорий зиёратгоҳи ҳудудида UMS, COSCOM, Uzmobile (GSM, CDMA), Unitel компанияларининг хизмат сифатида муаммолар учрамайди. Бироқ, RWC сигнали қамрови етарли эмас.

Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи ҳудуди фақатгина «Ўзбектелеком» АК Uzmobile филиалининг 2G ва 3G алоқа қамрови билан яхши таъминланган, бугунги кунда мазкур зиёратгоҳга яқин ҳудудда Unitel МЧЖ томонидан янги таянч база станцияларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида Wi-Fi зоналарини ташкил этиш ва бутунжаҳон интернет ахборот тармоғига уланиш имкониятини яратиш мақсадида ҳозирги кунда «Ўзбектелеком» АК Самарқанд филиали томонидан Регистон майдони, Самарқанд темир йўл вокзали, Самарқанд аэропорти, Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси, Сиёб бозори ҳамда Ҳазрати Хизр масжиди ва Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримовнинг мақбараси  ҳудудларида Wi-Fi зонаси ташкил қилинган бўлса-да, бугунги кунда фаолият кўрсатмаяпти.

Шунингдек, бошқа объектларда ҳам Wi-Fi зоналарини ташкил этиш бўйича «Ўзбектелеком» АК Самарқанд филиали ва «ЎзИ-Самарқанд» филиали билан ҳамкорликда ишлар олиб бориляпти.

Хоразм вилоятида ҳам аҳолига сифатли алоқа ва интернет хизматларини кўрсатиш борасида кўпгина ишлар амалга оширилди. Бироқ, сайёҳлар кўп тўпланадиган тарихий масканларни симсиз ва тезкор интернет тармоғи билан қамраб олиш борасида муаммолар мавжуд. 

2014 йилда «Ўзбектелеком» АК томонидан Урганч темир йўл вокзалида 4та нуқтада, Урганч аэропортида 5та нуқтада, Хива шаҳрининг Ичанқалъа ҳудудида 34 нуқтада Wi-Fi зонаси ташкил қилинган. Бироқ, бугунги кунда ушбу Wi-Fi интернет тизими  фақат Урганч темир йўл вокзали ҳудудида ишлаб турибди. Сабаби, интернет трафиги учун тўловни Урганч темир йўл вокзали маъмуриятидан бошқа ҳеч бир ташкилот ўз зиммасига олмаган.

Бу муаммолар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда инспекция ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ўрганилиб, тегишли тартибда ҳал этилиши устида иш олиб борилаётир.

2017 йил 16 декабр куни Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармасига юқоридаги объектлар маъмуриятлари «Ўзбектелеком» АК Хоразм филиалидан мавжуд интернет карталарни сотиб олиб, хорижий сайёҳларга етказиш тизимини ташкил қилишлари таклифи берилиб, бу орқали улардаги Wi-Fi интернет тизимини ишлатишга тайёр эканлиги билдирилди.

Шунингдек, Хива шаҳридаги жами 37та меҳмонхонадан 32таси симли телефон алоқаси ҳамда интернет тармоғига уланган. Қолган 5та меҳмонхонада қурилиш ишлари охирига етказилмаган ва шу сабабли  телефонлаштирилмаган. Ушбу зонада барча мобил алоқа хизматлари бўйича қамров 100 фоизни ташкил этади.

Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги «2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти сайёҳлик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида вилоятдаги сайёҳлар тўпланадиган гавжум жойларда Wi-Fi ҳудудларини яратиш билан боғлиқ вазифалар белгиланган эди.

Қарор асосида Бухоро шаҳридаги барча тарихий қадамжоларда узоқ масофада ишловчи WI-FI узатгич қурилмалари ўрнатилиб, тайёр ҳолатга келтирилган. Тасдиқланган жадвал асосида хизмат ишга туришириляпти. Шунингдек, Бухоро шаҳрида мавжуд 100дан ортиқ меҳмонхонада замонавий симсиз Wi-Fi интернет хизматлари жорий этилган.

Вазирликнинг ҳудудий бошқармаси ва инспекция ҳудудий бўлинмаси томонидан бу борадаги ишлар мониторинги олиб борилмоқда.

Шу ўринда бир мулоҳаза, бугун пойтахтимиз ва вилоят марказларида фаолият олиб бораётган турли кўнгилочар ва савдо мажмуаларида мижозлар учун бепул Wi-Fi зоналари тақдим этиляпти. Ижара асосида планшет ва бошқа электрон қурилмалардан маълум вақт фойдаланиш мумкин. Бу биринчидан, бу жойларга келувчи харидорларни ўзига жалб этса, иккинчидан, тадбиркорлик субъектига қўшимча даромад дегани.

Вилоят ҳокимликлари ҳам тарихий масканларга келаётган сайёҳларга бепул интернет хизматларини тақдим этиш орқали улар ташрифини рағбатлантирса, фойдадан ҳоли бўлмайди. 

Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган алоқа операторлари ҳам тарихий шаҳарларимиз, муқаддас қадамжолар ҳудудидаги алоқа қамровини ўрганиб, хизмат сифатини замон талабларига етказса, аввало, ўз зиммасидаги мажбуриятни бажарган ва қолаверса, юртимиз туризм салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшган бўлар эди.

Сир эмас, бирор бир мамлакатга борсангиз, энг аввало, соғ-омон етиб келганингиздан уйдагиларни хабардор қилишга шошиласиз. Иқтисоди тараққий этган, туризм ривожланган мамлакатларда бу борада муаммолар учрамайди. Сиз, турли пакетдаги сим карталар орқали алоқа хизматидан фойдаланишингиз мумкин. Сафар давомида мобил телефонингиз бекам-кўст ишлаб турса, ўзингизга ишончингиз мустаҳкам бўлади.

Юртимизга келаётган саёҳларни ҳам ўзимизга қиёсласак, масала моҳияти янада ойдинлашади.

Бу борада Uzmobile компанияси томонидан туристлар учун махсус тарифларнинг ишлаб чиқилгани, мобил роутерни ижарага бериш хизматларининг жорий этилганини олқишласа арзийди. Бошқа компаниялар ҳам бу борада ўзаро рақобатга киришса, нур устига нур бўларди.

Дилшод Бўриев, инспекция матбуот котиби