Маълумки, ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ва ҳам шаръан қораланиб, улардан сақланишга буюрилган. Қуръони каримда: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарликлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига ўта ношукр эди”- дейилади (Исро сураси, 26-27 оятлар).

Демак, силаи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари харажат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ таоло томонидан ман этилган.

Ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Жумладан, “Аллоҳнинг ноз-неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайр-эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманглар!” (Имом Аҳмад, Насаий, Ибн Можа ривоятлари).

Яна бошқа бир ҳадиси шарифда: “Бойликда ҳам, фақирликда ҳам, ибодатда ҳам мўътадиллик яхшидир” – дейилади.

Тежамкорлик тўғрисидаги ҳадиси шарифда эса: “Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди” – деб айтилган (Имом Аҳмад ривояти).

“Аҳли сунна вал жамоа” ақидамиз бўйича инсон ўзининг намоз, рўза, ҳаж, хайру садақа, тиловати Қуръон ва шу каби савобли амалларини майитлар руҳига бағишласа, албатта савоби етади. Шунга кўра, марҳумларга савобини бағишлаш мақсадида хоҳлаган вақтда ўзининг иқтисодий имкониятига қараб, одамларга эҳсон дастурхони ёзиш жоиз. Савоби яна ҳам улуғ бўлиши ҳамда келган меҳмонлар руҳий ва маънавий озуқа олишлари учун бундай эҳсонларни енгил ва ихчам тарзда ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, эҳсонни фақат зиёфат кўринишида эмас, балки ўша зиёфатга кетадиган маблағни муҳтож оилаларга, меҳрибонлик ва қариялар уйларига, ободонлаштириш ишларига, талабаларга илм-маърифат тарқатиш йўлларига сарф қилинса, нур устига нур бўлур.

Шариатимизда жорий бўлган никоҳ ҳамда ақиқа тўйларини қариндош ва яқин қўшнилар доирасида, дабдабасиз, исрофгарчиликсиз ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, никоҳ тўйидан мақсад шаръий никоҳни эълон қилиш бўлса, ақиқадан мурод жонлиқ сўйиб, Аллоҳга шукрона келтиришдир.

Исломда жорий этилган барча хайру эҳсонлар бошқа амаллар каби авваламбор, Аллоҳ розилигини топиш учун бўлмоғи лозим. Хўш, қандай қилинса, Аллоҳ рози ва эҳсон Унинг ҳузурида мақбул бўлади?

Бунинг бир нечта шартлари бор:

Биринчи: Эҳсон учун сарф қилинаётган мол-дунё ҳалол йўл билан топилган бўлиши шарт. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадисларида марҳамат қилганлар: “Банда ҳаромдан мол топиб, эҳсон қилса, молига барака кирмайди. Садақа қилса, қабул қилинмайди” (Имом Аҳмад ривояти).

Иккинчи: Холис Аллоҳ учун бўлмоғи шарт. Одамлар кўрсин, мақтасин деб, риё мақсадида қилинган эҳсон мақбул эмас. Нисо сурасининг 36, 38-оятларида мол-дунёларини хайрли ишларга сарф этишга бахиллик қиладиган, эҳсон қилган тақдирда ҳам одамлар кўрсин, мақтасин деб қиладиган кишиларни Аллоҳ севмаслиги, балки улар кибрли ва мақтанчоқ кишилар эканлиги баён қилинган. Риёкорлик билан қилинган эҳсон эвазига ҳеч қандай савобга эришиб бўлмаслиги, аксинча, оғир гуноҳга ботиш мумкинлиги Бақара сурасининг 264-оятида очиқ айтилган.

Учинчи: Исрофга йўл қўймаслик. Исроф дегандан, фақат таомнинг ортиб қолиши ёки оёқ ости бўлишини тушунмаслик керак. Балки, ноўрин жойга қилинган эҳсон ҳам исрофдир. Чунки, хайр-эҳсон ва зиёфат беришдан асосий мақсад ва фақирларга моддий ёрдам кўрсатишдир.

Демак, исроф бўлмаслиги учун авваламбор, эҳсон қилувчи киши кимларга ва қаерга эҳсон қилиниши лозимлигини билмоғи ва шундан сўнг ўша мутаҳиқ кишиларгина бермоғи шарт. Акс ҳолда, ўз эгаларига берилмаган эҳсон мақбул бўлмайди.

Минг афсуски, кейинги вақтларда халқимиз орасида тўй тантаналарида ҳаддан ташқари исрофга йўл қўйиш, ким ўзарга тўй қилиш, шуҳратпарастликка ружу қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундан ташқари, никоҳ базмларини миллий ва диний қадриятларимизга мутлақо зид бўлган тарзда ташкиллаштириш, бунинг оқибатида ортиқча дабдаба ва риёкорликка берилиш ҳолатлари содир бўлмоқда.

Юқорида зикр этилган ояти каримлар ва ҳадиси шарифлардан келиб чиққан ҳолда кейинги пайтларда диёримизнинг кўп жойларида тўй, маросим ва маъракаларда ортиқча исрофгарчилик, риёкорлик, шуҳратпарастликка йўл қўйилаётганлиги, уларда миллий ва диний қадриятларимизни менсимаслик ҳоллари авжига чиқаётганини эътиборга олиб, қуйидаги таклифларни тақдим этади:

  1. Республикамизда фаолият кўрсатаётган барча расмий масжидларнинг имом-хатиблари жума маърузалари ва турли тадбирларда тўй, маърака ва маросимлардаги исрофгарчилик, шуҳратпарастлик, риёкорлик каби иллатларнинг моддий ва маънавий зарарлари, тежамкорлик ва ўртаҳолликнинг фойдалари тўғрисида асосли далиллар ва ҳаётий мисоллар билан кенг ташвиқот ишларини олиб борсинлар.
  2. Тўй, маърака ва маросимларни миллий ва диний қадриятларга мос тарзда ўтказиш мақсадида имом-хатиблар маҳаллаларнинг оқсоқоллари ва фаоллари билан маслаҳатлашган ҳолда ўз таклиф ва тавсияларини маҳалла аҳлига тақдим этсинлар. Бу ишларни амалга оширишда ҳар бир вилоят ва туманларнинг ўзига хос маҳаллий урф-одатлар инобатга олинсин.
  3. Наҳорги ошлар, никоҳ тўйи, ақиқа ва амри маъруф билан ўтказиладиган маросимларни ихчамлаштириш, кечқурун ўтказиладиган никоҳ базмларида келин-куёв ва уларнинг дўсту дугоналарининг шарқона одобга зид кийинишлари, даврада оммавий маданият таъсирида шаклланган шарму ҳаёсиз тарзда рақсга тушиш ҳолатлари, баъзи “санъаткорлар”нинг қулоқни қоматга келтирадиган даражада чиқишлари ва маънавиятимизга муносиб бўлмаган қўшиқларни куйлашлари, келин-қуёв ҳақида танишув ва ишқий саргузаштлардан иборат бўлган ҳаёсиз видеолавҳаларни намойиш этишлари каби шарқона маданиятимизга зид бўлган салбий ҳолатларни бартараф қилиш учун имом-хатиблар маҳалла оқсоқоллари, Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда тушунтириш ишларини олиб борсинлар.
  4. Никоҳ тўйи билан боғлиқ тўйолди тадбирларини қисқартириш шу жумладан, “чоралар” маросимини ўтказмаслик мақсадга мувофиқ. Янги келин тушган хонадонда бўладиган ҳайит маросимларини ихчам тарзда, фақат қариндошлар билан бир кунгина ўтказиш масалалари жойлардаги маҳалла ва Хотин-қизлар қўмитаси билан келишилган ҳолда ҳал қилинсин.
  5. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги имом-хатиб ва ноиб-имомлар томонидан шаръий никоҳларни ўқишдан олдин ёш-келин куёвларга муқаддас динимиз таълимотига мувофиқ оиланинг муқаддаслиги, уни мустаҳкам тутиш нақадар муҳим эканлиги тўғрисида батафсил маълумот бериш йўлга қўйилсин.
  6. Марҳумлар вафотидан кейин урфга айланган 7, 20, 40, йил, ҳайит каби маросимларнинг ўрнига кун санамасдан бир марта Вазима эҳсонини ташкил этиш, ушбу эҳсонга марҳумни таниганлар ва қўни-қўшнилардан жами кўпи билан 150-200 кишини таклиф этиш мақсадга мувофиқ.
  7. Марҳумларга атаб, хайру эҳсон зиёфатлари қилишдан кўра муҳтож оилаларга, меҳрибонлик уйларига, ногиронлар ва қариялар уйига ёки ободонлаштириш ишларига моддий ёрдам тариқасида беришнинг афзал эканлигини имом-хатиблар кенг жамоатга тарғиб этсинлар.

Дин ишлари бўйича қўмита

           ходими Муҳаммад Бобур Юлдашев