Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда баъзилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг фаолиятига бағишланган чиқишлари кузатилмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган пурмаъно сўзлари ҳаётимиздан ўрин олиб, халқ ва давлат органлари ўртасидаги яқинлик ва самарали алоқа мустаҳкамланиб бораётган бир даврда қайси давлат муассасаси бўлмасин унга нисбатан нохолис маълумотларни тарқатиш Президент сиёсатига зиддир.

Дин ишлари бўйича қўмита 1992 йилда тузилган. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда амалга оширилган диний-маърифий ислоҳотлар ва бу борадаги ютуқларда, хусусан, минглаб масжидларни очилишида, ўнлаб диний таълим муассасаларининг ташкил этилишида, азиз авлиёлар қадамжоларининг обод қилинишида, асарларининг таржима ва  тақдим этилишида, Қуръони карим ва ҳадиси шариф маъноларининг халқимизга етказилишида Дин ишлари бўйича қўмитанинг ўзига яраша ҳиссаси бор. Сўнгги икки йилда юртимизда диний соҳада кўплаб ишлар амалга оширилди. Жумладан, муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида бир қанча ислом илмий-тадқиқот марказлари, масжид ва қадамжолар ва бошқа зиё масканлари фаолияти йўлга қўйилди. Қорақалпғистон Республикасидаги “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжидининг реконструкция қилиниши, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги “Охун бобо” масжидининг қайта қурилиши, Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги  “Абу Муин Насафий мажмуасининг тубдан яхшиланишлиги, юртимизнинг турли ҳудудалирда ташкил этилган ислом илмий-тадқиқот марказлари, “Ўзбекистон Ислом академияси”, “Тасаввуф”, “Фиқҳ”, “Ақида”, “Ҳадис” ва “Калом” мактаблари диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси ҳисобланади. Албатта юқорида тилга олинган ишларнинг амалга оширилишида Қўмитанинг ҳам иштироки бор. Шунинг учун давлат ташкилотлари, хусусан, бошқарув органлари ҳақида сўз юритганда, шошилмасдан, босиқлик билан ёндашиш, вазиятни мураккаблаштирмасдан фуқаролар орасида иғво ва бўҳтонларни тарқатмасликни тавсия қиламиз. Акс ҳолда жамиятдаги бирдамлик ва бағрикенглик муҳитига путур етиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари, фармон ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида олиб боради.

Дин ишлари бўйича қўмита бошқа давлат органлари, нодавлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда фуқаролар билан фақатгина амалдаги қонун талаблари асосида муносабатга киришишини ҳам алоҳида қайд этиш зарур. Шундай экан, қўмита ҳақида турли нохолис маълумотларни тарқатаётганлар давлат сиёсати ва ҳукуматга қарши чиқаётганларини, бу эса на бирор қонунга ва на бирор диний таълимотга тўғри келмаслигини айтмоқчимиз. Зеро, Қуръони каримда ҳам: “Фитна қотилликдан ҳам ёмонроқдир” дейилган. Халқни давлат институтларига қарши қўзғаш, фитна келтириб чиқариш оқибатида дунёда қандай нохушликлар, ихтилоф ва зиддиятлар, қонли тўқнашувлар рўй бераётганини бугун барчамиз кўриб турибмиз.

Ўз ўрнида таъкидлаймизки, Дин ишлари бўйича қўмита ўз фаолияти ҳақида турли нохолис ва бўҳтон маълумотларни тарқатаётганлар билан тортишишни ўзига эп кўрмайди. Қўмита фақатгина Президентимиз айтганларидек “Халқни рози қилиш” мақсадида фаолият олиб бормоқда. Фуқароларни эса Қўмитага доир ҳар қандай мулоҳаза ёки таклифлари бўлса, Қўмитага мурожаат қилишларини тавсия этамиз.

Азиз ватандошлар! Она-ватанимиз Ўзбекистонимизни янада обод ва фаровон бўлишида бирлашиб ҳаракат қилайлик. Совет даврида бўлиб ўтган воқеалар, алмисоқдан қолган гаплар билан ўзаро адоватлашмайлик. Дин ишлари бўйича қўмита фуқароларимиз томонидан кўтарилган ҳар қандай муаммо ва ҳар бир долзарб масалани баҳамжиҳат ҳал қилишга тайёр. Юртдошларимиз учун эшикларимиз ҳамиша очиқ.

           Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати