Интернетнинг  соғлом бола тарбиясига таъсири

Маълумки эркин ва мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантириш Ўзбекистон Республикасининг демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидаги энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Айнан мазкур вазифани бажариш мақсадида  ўтган мустақиллик йилларида оммавий ахборот воситалари фаолиятини демократлаштириш ва эркинлаштириш, уларнинг демократик, ижтимоий-сиёсий жараёндаги кенг иштирокини таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.     
“Техника ривожланиш асри” – деб ном олган ҳозирги даврда  ёшларимизнинг қандай мафкурага мойиллиги, уларнинг онгида шаклланаётган ўй-фикрлари ва тасаввурларини илмий асосда ўрганиш ҳаётий заруратдир. Ёшлар камолотига, уларнинг ҳулқ-атворига ва интеллектига бир қанча омиллар таъсир этади. Бу ўринда эса албатта, жамиятда алоҳида нуфузга эга бўлган интернет воситаларининг роли беқиёсдир. Муҳтарам Президентимиз И.Каримов ўзларининг бир қатор маърузаларида “Биз бутун дунёни қуршаб олган интернетни чеклай олмаймиз” – деб таъкидлаб ўтганлар.
Дарҳақиқат ҳозирги кунда интернет бутун дунёнинг оммавий ахборот тармоғига айланди. Шу ўринда бир савол туғилади. Интернетда узатилаётган турли намойишларнинг фарзандларимиз тарбиясидаги аҳамияти қандай. Ахир ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бизнинг асосий вазифамиз эмасми? Олимлар томонидан  қилинган бир неча таҳлилларга назар соладиган бўлсак, интернет саҳифаларида зўравонлик эпизодларини кўрсатилиши, болалар мультфилмларида эса адолат ва ёвузликнинг жазоланиши мавзусини яширин ҳолда тасвирланиши томошабинда албатта зўрлик маданиятини уйғотишга таъсир этади. Таниқли ғарб олимлари Роберт Ходж ва Девид Триппларнинг фикрича, болаларнинг ҳар хил намойишларни кўришлари бу дастур мазмунини оддий ҳисобга олиш эмас, балки кўрганларини изоҳлаш, уқиб олиш демакдир. Мазкур муаллифларнинг тахминича, кўпчилик ўтказилган тадқиқотларда болалар тафаккурининг ўзига хос мураккабликлари ҳисобга олинмаган.  Болалар эса интернетдаги намойишларни ўзларининг кундалик ҳаётдаги бошқа масалалар билан боғлаб ўқийдилар.  
Ҳукуматимиз томонидан жорий 2016 йил – “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритган илк кунларданоқ ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Шундай экан фарзандларимизни ҳар томонлама соғлом авлод қилиб вояга етказиш ҳар биримизнинг асосий бурчимиздир. Лекин ҳозирги кунда баъзи-бир оилаларимизда болани тарбиялашдек ўта маъсулиятли вазифани интернет, телефон, компьютер ёки бошқа турдаги  техник воситаларга ишониб топшираётган ота-оналар кўзга ташланиб турибди. Ачинарлиси шундаки, хорижий каналлар тарғиб қилаётган зўравонлик ва террористик саҳналар, беҳаё клиплар ва фильмлар намойиши фарзандларимиз онгу-шуурида  нотўғри қарашларни шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, интернет воситалари ёшларни тарбиялашда уларнинг эстетик дидларини ўстиришга ва маънавий салоҳиятини оширишга хизмат қила олади. Бироқ бунинг учун фильмларда одамзодга хос бўлган турли иллатлар эмас, балки  эзгу фазилатлар улуғланиши керак. Зеро, экранга термулиб ўтирган боланинг хали шаклланиб улгурмаган дунёқараши биргина нотўғри ахборот туфайли бутунлай ўзгариб кетиши мумкин. Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганларидек: “Болаларингизга одобни ўргатинг ва уларнинг одобини гўзал қилинг” (Имом Бухорий).  
“Боланинг тарбияси нозик бўлади, у яхшидан ҳам, ёмондан ҳам кўрганини олади”,  деб халқимиз бежизга айтмаган. Ҳақиқатдан ҳам, болага “яхши бўл”, деган билан у эшитганига эмас,  балки кўрганига амал қилади.
Демак, биз фарзанд тарбиясида унинг юксак маънавиятли, ахборот маданияти истеъмолида мустаҳкам маънавий иммунитетга эга, Ватан ва миллий қадриятларга садоқат руҳида ҳамда пухта билим эгаси қилиб тарбиялаб боришимиз лозим.

А.Алимов
Тошкент шаҳар “Қатортол”
масжиди имом-хатиби