Сизлар туфайли Муқаддас Исломимиз ўзга дин вакилларига булғаб кўрсатилди!

Сизлар туфайли Ислом душманлари ўйлаган режасини бажарди!

Сизлар туфайли Исломни қотиллик ва разиллик дини деб ўйлайдиган одамлар пайдо бўлди!

Сизларнинг шар ва офатингиз билан ариқлар қонга тўлди…

Болалар етим, аёллар бева, қариялар қаровсиз қолди!

Сизларнинг қўлингиз билан Пайғамбарлар, авлиёлар, олимлар қабрлари бузилди, масжидлар портлатилди!

Сизларнинг қўлингиз билан мактаб, мадрасалар вайрон қилинди!

Сизлар туфайли Исломдан узоқлашганлар, Исломдан қўрққанлар сони кўпайди!

Сизлар туфайли неча-неча заводлар, ишхоналар ёпилди!

Сизларнинг шар ва офатингиз билан бутун дунё мусулмонлар устидан кулди!

Сизларнинг жоҳиллигингиз туфайли миллионлаб одамлар илм олишдан тўсилди!

Сизларнинг қўлингиз билан қанча-қанча шифохоналар ёпилди, касал, ногирон, чалажонлар сони ортди!

Сизларнинг ташаббусингиз билан қанча-қанча оилалар бошпанасиз қолди!

Сиз бор жойда одамлар намоз деса, жаноза намозини тушунадиган бўлиб қолди!

Сурия, Ироқ ва бошқа жойларда қилган ишларингизни кўриб Фаластин, Бирма мусулмонлари қалби чил-чил бўлиб кетмадими?!

Сизлар туфайли мусулмонларга “жоҳиллик”, “шафқатсизлик”, “қолоқлик” каби тамғалар қўйилди!

Сизлар туфайли тўй қилиш у ёқда турсин, жаноза ўқиб, бир маййитни қабрга қўйиш ҳам мушкул бўлиб қолди!

Сизлар туфайли мусулмонлар бойлиги, маданияти ҳисобидан қанчадан-қанча душманлар чўнтаги қаппайди!

Сизлар туфайли қанча-қанча хонадонларда Қуръон ўқилмай қолди!

Сизлар туфайли қанча-қанча мактаб, мадрасаларда дарслар тўхтаб қолди!

Сизлар туфайли қанча-қанча масжидлар азонсиз, имомсиз, муаззинсиз ва жамоатсиз қолди!

Сизлар туфайли қанча-қанча мусулмонлар “кофир” бўлди!

Сизлар туфайли  қанча-қанча ёш болалар, аёллар ва қариялар сувга чўкиб, балиқларга ем бўлди, қолганлари отилди, қул қилиб сотилди, қолганлари хор-зор бўлиб, чегараларда симларни ушлаганча ўзга дин вакиллари остонасида мулзам бўлди, оёқлари шишиб кетди, елкалари арчилди, кўз ёшларига ювиндилар!

Сизлар туфайли одоб бегоналашди!

Сизлар туфайли мусулмонлар насли қирилди, мусулмонлиги учун! Сизнинг “ифлос” йўлингизга юрмагани учун, сизларни иймони, виждони тан ололмагани учун! Қабиҳлигингизни билиб қолгани учун!.. Ҳа, сизлар туфайли!

Сизлар туфайли кўчалардан одамлар эмас, ўлаксахўрлар ўтадиган бўлди!

Сизлар туфайли қанчадан-қанча мусулмонлар кафансиз, жанозасиз кўмилди, кўчаларда жасадлари қолиб кетди!

Сизлар туфайли қанча-қанча одамлар таровеҳ намозларидан ҳам маҳрум бўлди, рўза тутолмади, саҳарлик ва ифторликка ейиш учун ҳеч вақо топа олмади, закот беролмади, закот ололмади, ҳаж қилолмади, ҳаж қилдиролмади!.. Энг шарафли ишлардан ҳисобланган “мўминлар қалбига хурсандчилик киритиш” ўрнига нима қилдингиз!?

Сизларнинг шар ва офатингиз сабабидан “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва ўргатганларингиздир”, деган муборак ҳадисни эшитиб, Қуръонни неча йиллар давомида ўрганаётганлар ўлдирилди, ўрганганлар сўйилди, ўргатганлар эса ёқиб юборилди!

Сизлар туфайли мусулмонлар учун ҳосил бераётган далалар чўлга айланди, дарахтлар қуриди, сувлар тўхтади!.. Ҳа, сизлар туфайли!

Сизлар туфайли кўчаларда етим болалар нон увоқларини териб, ахлат титиб қорин тўйғазишга мажбур бўлди!

Сизлар туфайли ногиронлар аравалари ишлаб чиқарадиган заводлар гуркираб кетди!

Сизлар туфайли қурол чиқарадиган заводлар икки баробар кўпроқ ишлади!.. Мусулмонлар мусулмонларни ўлдириши, йўқ қилиши учун қурол ишлаб чиқараётганига хурсанд бўлди!

Сизлар туфайли мазлумлар кўпайди, дуолари йиғилиб қолди!!!

Сизлар туфайли инсонлар Ислом ҳақида ҳақиқий тушунчага эга бўлолмадилар! Чунки сиз ўзингиз қилган қатлингиз, зулм ва ифлослигингизни диндан, Исломдан деб бонг урдингиз!

Сизлар туфайли мусулмонлар уйларида тўшакларда ухлаш ўрнига кўчада тупроқ, лой устида ухлашга мажбур бўлдилар, агар кўзларига уйқу келган бўлса!

Сизлар туфайли инетернет ҳам даҳшатли тасвирлар, қисқа қилиб айтганда, даҳшат билан тўлиб кетди-ку!

Сизларнинг жоҳиллигингиз, тўғри гапни қабул қилмаслигингиз туфайли мусулмон олимлари юзи ерга қаради, сочларига оқ тушди, кечалари тўлғонадиган, кулолмайдиган бўлиб қолди!

Сизлар туфайли Ислом “ёвузлик дини”га айланди!

Сизлар нафсингизни Исломдан устун қўйдингиз, Қуръони Каримдан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан устун қўйдингиз! Қиёматда қандай жавоб берасиз!?

Сизлар туфайли ўн тўрт асрдан бери илм дини, маърифат дини соҳиблари “саводсиз” деб танилди бутун дунёга!

Сизлар туфайли минглаб ихтиролар, ихтирочилар йўқ бўлиб кетди, мусулмонлар томонидан қилинган ихтиро “одам ўлдириш”, “зўрлаш”, “озод одамни қул қилиб сотиш” ва шунга ўхшаш нарслар бўлиб қолди!

Сизлар туфайли мусулмонлар масхара қилинди, хор бўлди, аёллари зўрланди, қўлида ҳунари бўлганлари ишсиз қолди ёки ёппасига мардикорга айланди!

Сизлар туфайли илм мажлисларига барҳам берилди, китоб ўқийдиган шогирд, ўргатадиган устоз қолмади!

Сизлар мусулмонларга нима бердингиз ёки ўзингизга!? Охиратга нима олиб борасиз?! Номаи аъмолингиз мусулмонларни қатл қилиш, болаларни етим, аёлларни бева, эркакларни боши эгик қилиш ва бутун бир умматнинг юзини ерга қаратиш билан тўлиб қолмадимикан?!

Сизлар туфайли оналар янги туғилган чақалоғини эмизишга улгурмади, эмизганлари уларни мактабга боришини кўришга, кўрганлари битиришига, битирганини кўрганлари эса фарзандларининг хизматини кўришга улгурмади!

Сизлар на Қуръони Карим оятлари, на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларига қулоқ тутдингиз. Раҳм-шафқат деган нарса қалбингиздан суғуриб олинганми ё?!

Сизлар туфайли мусулмонлар бир-биридан узоқлашди, бир-бирини кўргани боришдан маҳрум бўлди!

Сизлар туфайли Шайтон ва унинг шериклари хурсанд бўлди, мусулмонлар ўртасига бўлиниш тушганини кўриб завқланишди, кучга тўлишди!

Сизлар туфайли, ҳа, ҳаммаси сизлар туфайли! Фақат сизлар туфайли!

Ушбу сўзларни мулоҳаза қилиб кўринг, агар қолган бўлса, ақлингиз билан ўйлаб кўринг! Қилган ишингиз мусулмонларга қанчалик наф келтирди! Қанча инсон қалбига хурсандчилик олиб кирди? Қанча одамлар ишингизга рози бўлди? Қанча одамни қабрга киритди? Қанча одамни ногирон қилди? Сиз бор жойда қанча одам тирик қолди ўзи?

Шу саволларни ўзингизга бериб кўринг. Роббингиз ҳузурига боришни, Қиёмат кунида ҳар бир қилган ишингиз, ҳатто олган нафасингиздан ҳам сўралишингизни ўйлаб кўринг! Қиёматда қанча етимлар, бевалар, қариялар сизнинг қаршингизда ҳаққини талаб қилишини ўйланг! Роббингиз уларга ҳақларини олиб беришини ҳам асло унутманг!

Аъзамхон АБДУРАҲМОНОВ