Юртимизда яшаб ижод этган буюк аллома ва мутафаккирларнинг  бебаҳо илмий-маънавий меросини тадқиқ қилиш, улар қолдирган асарларни илмий-изоҳли таржима қилиб, оммалаштириш ҳамда хорижий давлатлардаги кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини тўплаб, халқимизга етказиш долзарб масалаларга айланмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти марҳум Ислом Каримов шундай деган эди: “Буюк мутафаккир ва алломаларимизнинг ислом маданиятини равнақ топтиришга қўшган бетакрор ҳиссаси тўғрисида сўз юритганда, энг аввало, ҳақли равишда мусулмон оламида “муҳаддислар султони” дея улкан шуҳрат қозонган Имом Бухорий бобомизнинг муборак номларини ҳурмат-эҳтиром билан тилга оламиз. Бу мўътабар зот меросининг гултожи бўлмиш энг ишончли ҳадислар тўплами – “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” китоби ислом динида Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манбаъ бўлиб, аҳли ислом эътиқодига кўра, у башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланади. Мана, ўн икки асрдирки, бу китоб миллионлаб инсонлар қалбини имон нури билан мунаввар этиб, ҳақ ва диёнат йўлига чорлаб келмоқда”.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий милодий 810-йилда (194-ҳижрий) Бухоро шаҳрида дунёга келиб, болалик чоғлариданоқ Бухородаги етук алломалардан дарс олиб, ҳадис илмида кучли хотира ва ўткир зеҳн соҳиби бўлиб вояга етди. Имом ал-Бухорий ўн олти ёшида онаси ва акаси Аҳмад ҳамроҳлигида Макка шаҳрига ҳаж қилгани бориб, ўша ерда қолди ва ҳадис илмини ўрганишда давом этди. У ердаги забардаст уламолардан Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ёзиб олиб, ўша даврдаги Ислом оламида машҳур бўлган илмий марказларга сафар қилди, қишлоқ ва шаҳарларни кезди, ҳадис илмидаги баҳс-мунозаларда иштирок этди. Натижада, Имом ал-Бухорий ҳадис илмида камолотга эришиб, ўзи ёд олган 600 мингга яқин ҳадисларни саҳиҳ ва ғайри саҳиҳларига ажратди.

Имом ал-Бухорий Ислом олами ва муҳаддислар орасида “Имом ул-Муҳаддисийн” (Барча муҳаддисларнинг пешвоси) деб ҳурмат билан тилга олинади. Имом ал-Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” (Ишонарли тўплам) асари ҳақида сўз кетганда шуни айтиш мумкинки, мазкур манба Ислом дини таълимотида Қуръони каримдан кейин асосий манба сифатида фойдаланилади. Имом ал-Бухорий яшаган даврдан олдин таълиф этилган ҳадис китобларида саҳиҳ ва ғайри саҳиҳ ҳадислар аралаш ҳолда берилган бўлиб, ўқувчи улардаги  бирор ҳадисни тўғри ёки нотўғри эканлигини, ҳадис ривоят қилувчининг аҳволини текширмай ва аниқламай туриб, билолмасди. Бунинг учун ўқувчи ўша ҳадисга аниқлик киритиш мақсадида уламолардан сўрашга мажбур бўларди.

Мана шундай оғир даврда Имом ал-Бухорий “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” китобини 16 йилда ёзиб тугатиб, унга 7275 дан ортиқ саҳиҳ ҳадисларни бобларга ажратиб тартибли равишда жамлади.

Имом ал-Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” китобига машҳур олимлар томонидан юздан зиёд шарҳ ва хошиялар битилган. Жумладан, “Фатҳул-Борий”, “Ал-Кавкаб ад-Дарорий”, “Иршодус-Сарий”, “Умдат ал-Қорий”, “Файзул Борий” ва бошқа кўплаб шарҳларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Бундан ташқари, Имом ал Бухорийнинг “Ал-Адаб ал-Муфрад” (Одоб дурдоналари), “Бирр ул-Волидайн” (Ота-онани ҳурмат қилиш), “Ат-Тарих ал-Кабир” (Катта тарих), “Ат-Тарих ал-Авсат” (Ўртача тарих), “Ат-Тарих ас-Сағийр” (Кичик тарих), “Ал-Жомеъ ал-Кабир” (Катта ҳадислар тўплами), “Китаб ал-Илал” (Нуқсонли ҳадислар китоби), “Китаб ал-Куня” (Ҳадис ровийларининг тахаллуслари) каби йигирмадан ортиқ асарларлари мавжуд.

Имом Бухорийнинг ижодий мероси ўзининг ҳажми, замонасининг диний ва ижтимоий фанларини тўла-тўкис қамраб олганлиги билан кишини ҳайратга солади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига қилган ташрифи чоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида халқаро илмий-тадқиқот марказини қуриш таклифини билдириб, шундай деган эди: “Буюк мутафаккир бобомиз, барча муҳаддислар пешвоси Имом Бухорий мангу қўним топган ушбу масканда ўзига хос маънавий-руҳий муҳит мавжуд. Мажмуага зиёратга келган одам бу марказга ҳам кириб, ўзига катта озуқа олсин, боболаримиз ҳикматларидан ўрганиб кетсин. Шунда уларнинг қалбида улуғ аждодларимиз билан фахрланиш туйғуси ривож топади, айни пайтда шундай буюк зотларнинг авлоди масъулиятини ҳис этади”. 

Демак, ҳадислар мазмунан ҳар бир мўминнинг ишончини, эътиқодини мустаҳкамлайди ва шу билан бирга инсонни маънавий камолотга даъват этади. Шундай экан, ҳадислар комил инсонни шакллантиришда муҳим манба бўлиб ҳисобланади ва ундан ёшлар тарбиясида фойдаланиш шу куннинг долзарб вазифаларидан саналади.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Таълим бўлими