Маълумки, Ўзбекистон давлати мустақилликнинг илк кунлариданоқ ўзининг динга муносабатини аниқ ва қатъий белгилаб олди. Давлатнинг динга муносабати “Инсон эътиқодсиз яшай олмайди”, “Дунёвийлик – даҳрийлик эмас” деган аниқ тамойиллар асосида белгиланди. Бу тамойил бош қомусимиз Конституция ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда ўзининг ҳуқуқий ифодасини топган.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 16 диний конфессияга мансуб 2 238 диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Улардан 2064 таси исломий, 157 таси христиан, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоий жамоалари, биттадан Кришнани англаш жамияти ва Будда ибодатхонасидир. Булардан ташқари конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият юритмоқда.

Диний ташкилотлар қайси конфессияга тааллуқлилигидан қатъи назар, фаолият борасида бир хил ҳуқуққа эгадирлар. Ушбу диний ташкилотларнинг эмин-эркин фаолият олиб бораётгани ҳам юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенгликнинг амалий ифодасидир.

Айниқса, республикада мавжуд динлар орасида исломнинг мавқеи ниҳоятда катта. Хусусан, ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг сони 31 млн.дан ошган бўлиб, улар 130 дан зиёд миллатга мансуб ҳисобланади. Фуқароларнинг 94% дан зиёди ислом динига эътиқод қилади. Шу боис, ислом дини давлатимиз туб халқларининг тарихига, ўтмиш меросига, маданиятига, руҳиятига чуқур сингиб кетган. Президент И.А.Каримов таъкидлагани каби: “… биз ўз миллатимизни мана шу диндан айрим ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз… Халқимизнинг минг йиллик тарихини, бугунги маънавий ҳаётини, дину диёнатимизни мухтасар ифодалаб айтиш мумкинки, Аллоҳ бизнинг қалбимизда, юрагимизда”. Ислом дини қадриятлари мамлакатимиздаги рўй бераётган маънавий янгиланиш жараёни ва миллий ғоя мезони шаклланишининг энг муҳим омилларидан биридир.

Бугунги кунда динга бўлган қизиқишнинг кучайиб бориши глобаллашув жараёнларининг ўзига хос инъикоси дейиш мумкин. Зеро, глобаллашув дунёни бир бутун ва яхлит қила бориши билан бир қаторда, унинг ҳосиласи сифатида алоҳида олинган миллат ва жамиятлар даражасида ўз-ўзини англашга бўлган интилишнинг чуқурлашувига ҳам замин яратмоқда.

Афсуски, коммуникация ва информацион технологияларнинг тез суръатлардаги тараққиёти ғоявий таъсир ўтказиш имкониятларининг кенгайишига туртки бўлиб, геосиёсий мақсадларга бўйсиндирилган, инсон қалби ва онги учун курашларнинг янгидан-янги усул ва воситаларининг кўпайиб бораётгани, айниқса, бу борада дин омилидан фойдаланишга уринишларда яққол намоён бўлмоқда. Аксарият ҳолатларда ушбу кураш қуролли тус олиб, кўплаб халқларнинг бошига фожиали кунларни солмоқда.

Сўнгги йилларда дунёнинг қатор мамлакатларида, хусусан, Яқин Шарқ мамлакатларида турли ноқонуний қуролли тузилмалар томонидан исломий давлат қуриш шиори остида инсониятга қарши жиноятлар содир этилмоқда. Оқибатда, Ироқ, Сурия, Ливия каби аслида улкан иқтисодий салоҳиятга эга мамлакатлар чуқур ижтимоий-сиёсий, иқтисодий таназзулни бошидан кечирмоқда. Халқаро валюта фонди маълумотларига кўра, турли тўқнашувлар натижасида араб мамлакатлари иқтисодиёти 2011-2014 йиллар оралиғида 800 млрд АҚШ доллари миқдорида зарар кўрган. Қонли фожеалар туфайли ушбу давлатлар ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари кескин пасайган, ишсизлик даражаси деярли оммавий тус олган.

Энг даҳшатлиси, ҳозирги кунда Ироқ ва сурия давлатлари ҳудудида қарийб 8,5 миллион киши террорчи гуруҳлар тўлиқ назорат ўрнатган ҳудудда, ҳар қандай фуқаровий ҳуқуқ ва эркинликлардан марҳум бўлган ҳолда кун кечиришга мажбур бўлмоқда. Террорчилар ушбу мамлакатларда оммавий қатл, гаровдагиларни қийнаб ўлдириш, хотин-қизларни аёлларни зўрлаш ёки уларни қул қилиб сотиш каби жирканч ва қабиҳ ишларга қул уриб, ўзларини эътиқоди пуч, имонсиз кимсалар эканликларини намоён этмоқда. Юзлаб зиёратгоҳлар, шиа мусулмонларининг масжидлари, христианларнинг черков ва монастирлари, мактаб ва кутубхоналар вайрон қилинди.

Маълумотларга кўра, бугун дунёда 500 га яқин террорчилик ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 80 фоизи ислом ниқоби остида фаолият юритади. Улар қаторига “ИШИД (Ироқ ва Шом ислом давлати)”, “Жабҳа ан-Нусра”, “Ансару аш-Шам” (Сурия), “ал-Қоида”, “ал-Жиҳод ал-Исломий”, “ат-Такфир ва-л-Ҳижра” (Миср), “Абу Сайяф” (Филиппин), “Озод Ачех”, “Лашкари жиҳод” (Индонезия), “Қуролли исломий ҳаракат” (Жазоир), “Боко ҳарам” (Нигерия), “Ислом жиҳоди уюшмаси”, “Ўзбекистон исломий ҳаракати” Толбион (Афғонистон, Покистон) каби ташкилотларни киритиш мумкин.

Сиёсий ҳокимиятга интилаётган, диний шиорларни ниқоб қилиб олган ақидапараст оқимлар Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятга салбий таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Сўнгги йилларда “жиҳодчилар”, сохта “салафийлар” каби диний-сиёсий гуруҳлар, шунингдек, “Хизбут таҳрир” диний-экстремистик гуруҳи республикамизда фаол ҳаракат қилишга уринмоқдалар.

Сўнгги йилларда мутаассиб оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини хорижий мамлакатлардаги меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “Интернет” орқали тарғибот ўтказиш, оила аъзолари, яқинлари ва қўшниларини ўз гуруҳига тортиш, яширин “ҳужралар” ташкил этиш, диний-экстремистик мазмундаги материалларни босма, электрон кўринишда тарқатиш каби усулларда амалга оширмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича ҳозирда 100 мингдан ортиқ экстремизмнинг турли кўринишларини ўзида ташувчи ғоялар тарғиботи билан шуғулланувчи сайтлар фаолият олиб бормоқда. Интернет орқали суҳбат олиб бориш жараёнида ёшларга куфр диёри, ҳижрат, жиҳод, шаҳидлик, халифаликни тиклаш каби ғоялар сингдирлиб, улар турли тўқнашув ва низо ўчоқларига жалб қилинмоқда. Муайян сиёсий кучларнинг ноғорасига ўйнаётган диний-экстремистик ва террорчи оқимлар томонидан у ерларда амалиётни ўтаб келган ақидапараст, дийдаси қотган, мустақил фикрлашдан маҳрум, раҳнамоларининг ҳар қандай буйруқларини қонун деб билувчи зомби жангарилардан тинч минтақаларда ҳам турли низолар ва беқарорликларни келтириб чиқаришда фойдаланиш мақсади бугун кўпчиликка аён ҳақиқатдир.

Айниқса, “жиҳодчи” гуруҳлар ўз сафига янги шахсларни жалб этишда интернет ва ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда. Турли интернет сайтлари, “Однокласник”, “Твиттер” каби ижтимоий сайтларда ташкил этилган турли номлардаги форум ва гуруҳлар, “You Tube” порталидан кенг фойдаланилмоқда. Мазкур гуруҳларнинг тарғиботчилари кўп вақтини интернетда ўтказувчи, вақтинча ишсиз, хорижда пул топиш илинжида юрган ва ижтимоий ҳолатдан норози шахсларни ўз сафларига қўшиш мақсадида улар билан гўёки “мусулмонларнинг азобланаётгани” суҳбатлар олиб борадилар.

Сўнгра ислом оламидаги “муаммолар” санаб ўтилиб, айбдорлар сифатида дунёвий давлат ва жамият кўрсатилади. Бундан кейин эса барча муаммоларнинг “ечими” сифатида “кофирларга” қарши “жиҳод” қилиш таклиф этилади. Бунинг учун эса авваламбор “ҳижрат” қилиш лозимлиги уқтирилади. Билимсиз, ўз мустақил фикри ва атрофдаги ҳодисаларни таҳлил этиш малакасига эга бўлмаган ёшлар бундай даъватларга учиб, ақидапараст оқимларга мойил бўла бошлайдилар. Қисқа қилиб айтганда “ижтимоий тармоқлар” “экстремистик қармоқлар” вазифасини ўтамоқда.

Аслида эса, ёшларни ўз сафига чорлаётган, ўзини “мужоҳид” деб танитаётган кимсалар тинч аҳолини қатл этмоқда, аёл-қизларни хўрлаб, номусларига тажовуз қилмоқда. Норасида болаларни ўлдирмоқда. Исломнинг бешинчи аркони бўлган ҳаж амалини бажаришга бораётганларни “тошга сиғинувчилар” деб эълон қилиб, уларга таҳдид қилмоқда. Динимиз қибласи бўлган муқаддас Байтуллоҳни вайрон қилишга ваъда бермоқда. Уй-жойлар, мактаб ва кутубхоналар, қишлоғу-шаҳарларни бузиб, мўйсафид отахон, мушипар оналар, норасида гўдакларни  кўчаларда саргардон қилмоқда.

Минг таассуфки, бизнинг юртимиздан ҳам айрим ёшлар ота-онасини қон йиғлатиб Сурия, Ироқ каби фитна ўчоқларига кетиб қолмоқдалар. У ерларда дийдаси қотган жаллодларга айланган бу жоҳиллар юртига қурол ўқталиб ўз халқи, ота-онаси ва диндошларига таҳдид билан дағдаға қилишдек тубанликка юз тутяптилар.

Ақидапарастлик жамиятимиздаги фуқароларни “ҳақиқий” ва “сохта” диндорларга ажратиши билан ҳам таҳдид солмоқда. Бундай ҳаракатларнинг оддий мисоллари сифатида гўёки исломий либос деб илгари сурилаётган “ҳижоб” масаласига ҳаддан ташқари урғу бериш, дунёвий ҳаёт кечирувчи фуқароларни гўёки “имони суст” сифатида кўришни қайд этиш мумкин. Таъкидлаш жоизки, бундай фитна чиқаришлар қандай оқибатларга олиб келиши Афғонистон, Покистон ва Жазоирда содир бўлган ҳамда ҳозирда Ироқ ва Сурия давлатларида юз бераётган воқеалардан бизга маълум. Барча буюмларни “ҳалол” ва “ҳаром”га ажратишда ғулувга кетиш оқибатида баъзи қўшни мамлакатларимизда ҳаттоки “ҳалол такси” чиққанини қандай изоҳлаш мумкин? Ваҳоланки, ислом дини ўрталик, мўътадилликка чақиради.

Дарҳақиқат ҳозирги кунга келиб диний-экстремистик ташкилотлар кенг тармоқли тизимга айланиб улгурди. Бу чуқур ўйланган стратегиянинг бир қисмидир. Аввало, барча экстремистик ташкилотлар бир тадқиқот марказлари, таъбир жоиз бўлса, “ғоявий лаборатория”лар маҳсули эканини алоҳида қайд этишимиз лозим.

 

Биринчи гуруҳ қаторига “Таблиғчилар” жамоаси ташкилотини киритиш мумкин. Иккинчи гуруҳлар қаторига “Нурчилар”, “Ҳизбут-таҳрир” каби диний-экстремистик ташкилотларни киритиш мумкин. Учинчи гуруҳга эса барча жиҳодий, сохта “салафий” жамоалар киради.

Диний-экстремистик руҳдаги террорчи ташкилотларнинг стратегик мақсадлари, аввало, гўёки, шариатга асосланган давлат тузиш бўлиб, бу бир неча босқичда амалга оширилиши режалаштирилган.

Биринчи босқичда аҳолини кенг кўламда “исломийлаштириш” назарда тутилади. Бунда, аввало, диний илми саёз бўлган кишилар орасида исломнинг фарзларига амал қилиш лозимлиги, бу ишларни бажармаганлар мусулмончиликдан чиқиши уқтирилади. Шу билан бирга, яширин “ҳужралар”  тузиш ва уларда ўқиётганларга, диний таълим ниқоби остида, ўз қарашларини сингдириш ишлари олиб борилади. Бир қарашда бундай “даъват”дан ҳеч қандай зарар йўқдек кўриниши мумкин, аслида эса бу “чуқур ўйланган стратегия”нинг бир қисмидир.

Иккинчи босқичда энди “исломийлаштирилган” аҳолида ҳукумат, мавжуд конституциявий тузум, расмий диний тузилмалар ва уламоларга нисбатан норозилик кайфиятини уйғотиш ва шу орқали ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш кўзланади. Унда аҳоли орасида “имонли” ва “имонсиз”, “мусулмон” ва “кофир”, “ислом диёри” ва “куфр диёри” каби тушунчаларни кенг ёйиш, диний-экстремистик руҳдаги варақа, адабиёт, видео ва аудио тасмаларни тарқатиш орқали динлараро ва миллатлараро муносабатларни кескинлаштириш асосий мақсад ҳисобланади.

Учинчи босқичга келиб, тўпланган “жамоат”ни мавжуд ҳукуматни ағдариш ва “ислом давлатини” тузишга даъват этилади. Бунда, “жиҳод”, “шаҳидлик” ғояларини тарғиб қилиш, яширин гуруҳлар тузиш ва унинг аъзоларини махсус (даъват, қўпорувчилик ва ҳ.к.) тайёргарликдан ўтказиш, аёллардан иборат ячейкаларни кучайтириш ва охир-оқибат террор воситаларидан фойдаланган ҳолда мақсадга эришиш кўзланади.

Таҳлил республикамизга турли ДЭО тарафдорлари томонидан тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказиш учун республикамиз ҳудудига диний экстремистик мазмундаги маҳсулотларни олиб киришга қаратилган ҳаракат фаоллашаётганидан далолат беради. Биргина жорий йилнинг 1 июнига қадар ўтган давр ичида Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза бўлимига турли давлат идоралари томонидан 800 дан зиёд диний мазмундаги материаллар тақдим этилди. Ушбу материалларнинг салмоқли қисмини ақидапарастлик ғоялари йўғирилган маҳсулотлар ташкил этади. Уларнинг аксарияти ҳозирги кунда Ироқ ва Сурияда фаолият юритаётган террористик ташкилотлар сафига қўшилишни даъват этувчи чақириқлар ва видеороликлар ташкил этади.

Айни вақтда, бундай материаллар билан ҳуқуқни мухофаза қилувчи идоралари ходимлари томонидан қўлган олинганлар ичида энди вояга етган ўсмирлар мавжуд экани биздан алоҳида эътибор талаб қилади.

Шу нуқтаи-назардан, мустақил ҳаётни бошлаётган ёшларимизни турмушда уларни оғир синовлар кутиб тураётгани, хусусан, бизнинг юртимиз, халқимизга дўст бўлмаган, сохта ғоялар билан ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ўсмирларимизни оиласи ва Ватанидан айириб олиб, ўз манфаатлари йўлида қурбон қилишдек ғараз мақсадлар эга кучлар борлигидан огоҳлантиришимиз биз катталарнинг, айниқса, диний соҳа вакилларининг бурчимиз ҳисобланади.

Диний-экстремистик оқимларнинг жамиятимиз барқарорлигига таҳдиди республикамиздаги ижтимоий сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, динлараро ва миллатлараро муносабатларни кескинлаштириш, фуқарларни, айниқса, ёшларни қуролли тўқнашувлар рўй бераётган ҳудудларда фаолият юритаётган террористик гуруҳларга жалб қилиш каби ҳаракатларда, шунингдек, мамлакатимизда террорчилик ҳаракатлари содир этиш учун суқилиб киришга уринишларда намоён бўлмоқда.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар ҳушёрликни қўлдан бой бермаслик, ҳамиша огоҳ бўлиб яшаш заруратини яна бир марта кўрсатмоқда. Бу эса ўз навбатида, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда халқаро майдонда кўп ва икки ёқлама ҳамкорликни кучайтириш, БМТ, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг фаолиятини самарадорлигини ошириш масаласини қатъий қилиб кун тартибига қўймоқда.

Маълумки, Ўзбекистон қатор минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган экстремизм ва терроризмга қарши курашга қаратилган шартномаларни бажаришда фаол қатнашиб келмоқда. Терроризмга қарши кураш, уни бартараф этиш масалаларига оид сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатлар БМТ, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доираларида имзоланган.

Ҳозирда Ўзбекистон БМТнинг терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши курашга қаратилган асосий 13 та ҳужжатини ратификация қилган. БМТ Хавфсизлик кенгаши Аксилтеррористик қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг терроризмга қарши курашдаги халқаро ҳамкорлиги юксак баҳоланади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятида “уч ёвуз куч”, яъни “террорчилик”, “айирмачилик” (сепаратизм) ва “экстремизм”га қарши курашда хамкорликни ривожлантириш алоҳида ўрин тутади. 2004 йилдан бери Тошкентда ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси фаолият юритмоқда.

2010 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг Мингйиллик ривожланиш мақсадлари бўйича олий даражадаги ялпи мажлисида юртбошимиз Ислом Каримов нутқ сўзлаб, терроризм, экстремизм, айирмачилик ва наркотрафикка қарши биргаликда курашиш ҳамда Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш мавзусига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.

Шунингдек, Ўзбекистон АҚШ, Россия, Хитой, Марказий Осиё республикалари каби қатор мамлакатлар билан халқаро терроризмга қарши курашда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ўз навбатида, жамиятимизда диний экстремизм ва терроризм мафкураси тарқалишини олдини олишда профилактик ва тушунтириш ишлари савияси ва таъсирчанлигини тизимли равишда кучайтириб бориш бугунги куннинг ҳаётий муҳим масаласига айланди.

Ҳозирги кунда республикамизда диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда давлат ва фуқаролик жамиятининг самарали ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Давлат амалдаги қонунларимизга зид равишда конституцион тузумга қарши гуруҳларнинг фаолиятини аниқлайди ва уларга чек қўяди.

Таъкидлаш жоизки, ДЭО аъзолари диний эътиқоди ёки дунёқараши учун эмас, балки Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодекси ёки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси ва бошқа қонунларимизда аниқ белгиланган жиноий ишларни содир этгани ва қонунбузарлиги учун жазога тортилади. Алданиб оқимга кириб қолган шахс ўз вақтида хатосини англаб етиб, пушаймон бўлса ва жиноятни очишга ёрдам берса, Жиноят Кодексининг 244-2 моддасига кўра жавобгарликдан озод этилади.

Жамият ОАВ, маънавият йўналишда фаолият юритадиган тузилмалар, жамоат ва диний ташкилотлар орқали фуқароларни ақидапараст ғояларнинг таъсирига тушиб қолишини олдини олишга қаратилган профилактик ва тушунтириш ишларини амалга оширади.

Ҳоссатан, Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент ислом университети, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Республика Маънавият тарғиботи маркази давлат идоралари ва манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар йили диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш йўналишида дастур асосида тизимли фаолият юритмоқдалар. Тарғибот ва тушунтириш ишлари ОАВ, Интернет, теле- ва радиодастурлардаги чиқишлар, ўқув муассасалари, маҳалла фуқаро йиғинлари, турли ташкилот ва корхоналарда маърифий тадбирлар ўтказиш шаклларида амалга оширилмоқда.

Олимлар ва уламоларимиз, соҳа мутахассислари томонидан ақидапарастликнинг турли кўринишларини фош этувчи қўлланмалар нашр этилиб, аҳолининг кенг қатламлари ичида тарқатилмоқда.

Уламоларимиз жума маърузаларида, чегара ҳудудларда даврий равишда ташкил этилаётган учрашувларда мутаассиб даъватчиларнинг сохта даъволарини далиллар билан фош этиб, аҳолини, айниқса, ёшларни алдовларга учмасликка чақирмоқдалар.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври ичида Дин ишлари бўйича қўмита ЎМИ, ТИУ, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва ўқув муассасалари билан ҳамкорликда 200 дан зиёд маърифий тадбирлар ташкил этди. ДИҚ, ТИУ, ЎМИ интернет сайтларига мавзуга оид юздан зиёд мақолалар жойлаштирилди.

Шу билан бирга, диний-экстремистик гуруҳлар, жиҳодий жамоа ва уларнинг даъватчилари томонидан олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларининг тобора кенгайиб бораётгани республикамиздаги давлат ва жамоат ташкилотларининг аксилтарғибот ишларини фаоллаштириши, уларни янги, таъсирчан ва оммабоп усул ва шаклларни  амалга оширишни тақазо этмоқда.

Сўнгги вақтда қўни Афғонистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятнинг кескинлашуви, Толибон ҳаракати ва мазкур мамлакатдаги бошқа террорчи гуруҳларнинг Марказий Осиё республикаларига чегарадош ҳудудларда тўпланаётгани ҳақидаги маълумотлар бизни янада ҳушёр бўлишимиз лозим эканидан далолат бермоқда.

Давлатимиз Раҳбари томонидан жамиятимизнинг маънавиятини юксалтириш, аҳолини ёт ва сохта диний ғоялар таъсиридан сақлаш, ҳушёрлик ва огоҳликни даъват этишда диний соҳа ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар юксак баҳоланганига барчамиз гувоҳмиз. Мазкур эътироф диний соха ходимларини жамиятимизда тинчлик ва барқарорликни авайлаб-асраш йўлида янада фидокорона фаолият юритишларига ундайди.

Юқорида қайд этилганлардан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, юртимизда ижтимоий-маънавий ва диний вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, турли диний экстремистик оқимларга қарши курашни янада фаоллаштириш ҳамда ёшларни ёт ғояларга қўшилиб кетишининг олдини олиш мақсадида диний соҳа ходимлари қуйидагиларга аҳамият қаратиши зарур ҳисобланади:

- жойларда фуқаролар ичида дин билан боғлиқ жараёнлардан доимий равишда бохабар бўлиб юриш,  вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш бўйича мутасадди ташкилот ва идоралар билан амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш;

- ўқув муассассалари, маҳалла йиғинлари, корхона ва ташкилотларда ёшларни дунёвийлик, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган амалий чора-тадбирлар ва маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлигини ошириш;

- таълим муассасаларида «Тинчлик энг олий неъмат», «Исломда экстремизм ва терроризмга ўрин йўқ», «Диний-экстремистик оқимлар – давлат ва жамиятга таҳдид» каби мавзуларда давра суҳбати ва семинар-машғулотлар сон ва сифатини ошириш, тадбирларда диний экстремистик ва террористик гуруҳларнинг асл қиёфасини фош этувчи, жиноятлари акс этган видеотасвирлардан фойдаланиш;

- жойларда масжид ва алоҳида уйларда(ҳужраларда) ноқонуний диний таълим бериш ҳолатларига барҳам бериш юзасидан тушунтириш ишлари тизимли ўтказиш;

- маҳаллий ОАВда диний экстремизм ва миссионерлик ғояларининг жамиятга таҳдиди ҳақида давра суҳбатларида иштирок этиш, халқаро терроризм ҳамда диний экстремизм ғоялари замирида ғаразли геосиёсий мақсадлар ётганлиги, ақидапарастлар исломни бузиб талқин қилишларини асосли тарзда фош этувчи чиқишларни кўпайтириш;

- Тошкент ислом университети, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом институти, Имом Бухорий халқаро маркази, ЎМИнинг жойлардаги вакилликларининг интернет сайтларига соф ислом таълимотларини ёритишга бағишланган ҳамда турли норасмий, ғаразли оқимлар томонидан даъво қилинаётган ғояларга (хусусан, мазҳабсизлик, такфир, ҳижрат, жиҳод) ҳаққоний илмий раддия мазмунидаги мақолаларни мунтазам бериб бориш;

- маҳалллаларда ҳушёрлик ва огоҳликни таъминлаш, ёшларнинг тарбиясида оила маъсулиятини оширишга қаратилган тадбирлар уюштириш ва бу каби ишларда фаол иштирок этиш, меҳнат мигрантлари билан уларни жиҳодий жамоалар таъсирига тушиб қолиши олдини олишга қаратилган суҳбатларда иштирок этиш;

- ҳокимият, корхона, ташкилот, “Маҳалла” ва “Нуроний” жамғармалари билан ҳамкорликда хайрия фаолиятини кучайтириш орқали экстремистлар учун «фаолият майдонини» торайтириш ва йўққа чиқаришга алоҳида эътибор қаратиш;

- диний-экстремистик оқимлар таркибида содир этган жинояти учун жазо ўтаган, ҳозирда тузалиш йўлига кирган ва амнистия туфайли озодликка чиққан шахслар билан ўтказиладиган тарбиявий ишларда қатнашиш, уларга ақидапарастликнинг асл моҳияти ва зарарли оқибатларини тушунтириш билан ижобий таъсир ўтказишга урғу бериш.

Тинчликни асраш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Шу нуқтаи-назардан, глобаллашув жараёнлари шиддатли тус олган ҳозирги замонда халқимизда, айниқса, ёшларда миллий ғурур, ифтихор, туйғусини, янада чуқурроқ шакллантириш, ёт ғоялардан сақловчи мафкуравий иммунитет шакллантириш Ўзбекистондек буюк Ванатимиз келажагига ўзини маъсул ҳисобловчи барча юртдошларимизнинг, шу жумладан, диний соҳа ходимларининг муҳим вазифаси бўлиб қолади.

Ушбу ишларда Сизларга муваффақиятлар тилайман!

Эътиборингиз учун раҳмат!

Ортиқбек Юсупов

Дин ишлари бўйича қўмита