Одобли, билимдон, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир. Дарҳақиқат, ҳар бир фарзанд шахси оилада шаклланади. Демак, оила-баркамол авлод пойдевори ҳисобланади. Шундай экан, оилада фарзандларни ахлоқий-ҳуқуқий жиҳатдан тарбиялаш, айниқса, адолат, бурч, ватанпарварликни шакллантириш, она ватанни севиш ҳиссини уйғотиш ўта муҳим ҳисобланади.

Оилада фарзандларни ўз бурчига садоқат руҳида тарбиялаш масъулият, онглилик, виждон каби фазилатлар билан чамбарчас боғлиқдир. Бунда ота-онанинг ўзаро самимий муносабати, уларнинг фарзандлари билан яқин, дўстона муносабатда бўлиши, уларнинг келажакдаги орзу-мақсадларини тушуниб олишлари, фарзандларнинг соғ-саломат вояга етишлари учун асос бўлади.

Инсон тарбия жараёнида яхши хулқ-атворга, одатларга ва ақл-фаросат омилларига эга бўлган бўлса, ҳаёт сабоқларини шунчалик яхши англайди ва яхши ишларни амалга оширади, ва аксинча, қанчалик тарбияси кам, ҳаётий кўникмалари оз бўлса, бундай шахс баъзан билиб ёки билмай ёмон ишларга қўл уради.

Ҳеч қачон болаларни тарбиялашда йўл қўйилган хато-камчиликлардан кўз юммаслигимиз керак. Ҳозирги турмушимизда баъзи бир одобсиз, билимсиз, ақлсиз, гиёҳванд, ота-онасига қўл кўтарадиган ва ўз болаларининг бахтсиз яшашига сабабчи бўлаётган кишилар учрайди. Бундайларнинг пайдо бўлишига асосий сабабчи ота-оналари-ку? Боласининг инсоний хатти ҳаракатларига уларнинг тарбияга лоқайдликлари сабаб бўлган.

Яхши тарбия, баъзилар ўйлаганидек, бир соатлик ёки бир кунлик иш эмас. Мақсадли тарбия тарбиячидан чидам, матонат, катта билим ва тажриба талаб қилади. Демак, ҳар бир ота-она ва ўқитувчи тарбияга оид билим ва малакага эга бўлиши шарт.

Болалар тарбиясида тезда ижобий натижаларга эришиш учун уларга билим бериш билан бирга, маълум меҳнат жараёнларига жалб этиш, касб ва мутахассислик сир-синоатларини қўшиб ўргатиш мақсадга мувофиқдир. Тарбия ишининг баъзан самарасиз бўлишига асосий сабаблардан бири тарбия жараёнида тартиб-интизомнинг бўлмаслигидир. Шахс қанчалик меҳр-муҳаббат ва тартиб-интизом асосида тарбияланса, ёмон хатти ҳаракатлардан шунчалик узоқ бўлади.

Тарбиянинг асосий мақсади ёшларни бахт-саодатли, ўз замонининг азиз, ҳурматли ва фидоий кишиси қилиб тарбиялашдан иборат.

Тарбиянинг мураккаблиги шундаки, у ҳеч қачон тугамайди, яъни киши туғилганидан то ўлгунига қадар зарур бўлади. Бундан ташқари, бир тарбия кўрган авлод ўрнига келган фарзандларни яна қайта бошдан тарбия қилиш даркор бўлади. Бу эса тарбиянинг тинимсиз даврийлигини ва абадийлигини кўрсатади.

Ислом таълимотига кўра, фарзанд ота-она зиммасидаги омонат бўлиб, улар бу омонат ҳақида масъулдирлар. Фарзандлар тарбиясига эътиборсизлик улкан хато, омонатга хиёнат ва киши динининг нуқсонидир. Ота-она фарзандининг биринчи мураббийидирлар.

Қуъони каримда оила аҳлига эътиборнинг қанчалик зарурлигини Аллоҳ таоло шундай баён қилади:

 “Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур” (Тахрим, 6-оят)

Ҳар қандай тарбия, хусусан насиҳат оилада бошланади. Тарбиянинг бош мақсади – бир-бирига меҳр-оқибатли инсонларни вояга етказишдир. Ота ва оналар яна унутмасинларки, бугун фарзандлари тарбиясига эътибор бермаган киши орадан йиллар ўтгач, уйсиз, оиласиз қолади.

Абу Ҳомид Ғаззолий фарзанд тарбияси ҳақида шундай фикрларни билдиради: “Билгин! Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота ва онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта бу савобга унинг ота-онаси, муаллими ва унга тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади” дейди. Бу хусусда Аллоҳ таоло Таҳрим сурасида “Эй мўъминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни дўзахдан сақлангиз”, деб огоҳлантиради.

Тарбиянинг икки асоси бор: фазилатни қўриқлайдиган гўзал ахлоқ ва ярамас йўлдан, ёмон аҳволга тушишдан сақлайдиган ҳушёрлик. Ота фарзандини дунё оловидан қанчалик ҳимоя қилса, охират оловидан ундан-да кўпроқ ҳимоя қилмоғи керак. Одобу тарбия воситасида яхши хулқларни ўргатиш, ёмонликлардан қайтариш, тўкин-сочинликка одатлантирмаслик, зийнатга муҳаббат уйғотмаслик билан ота фарзандини охират оловидан асрайди.

Фарзанд тарбияси қанчалик эрта бошланса, тарбия натижаси шунчалик самарали бўлади. Чунки эрта ёшда уларни яхшилик томон буриш осонлик билан кечади. Тарбиясизликдан вужудга келган ёмон хулқ ва одатларни кейинчалик қайта тарбиялаш йўли билан тузатиш мумкин. Аммо бунинг учун кўп меҳнат сарф қилишга тўғри келади.

 

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус

ислом билим юрти мураббийси Иброҳимжон Саидов