Президентимизнинг “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори халқимизнинг қадимий ва бетакрор байрамларидан бири бўлган муборак айёмни мазмун-моҳиятида мос тарзда нишонлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларни белгилаб берди. Ушбу байрам халқимизга хос инсонпарварлик, эзгулик, шукроналик ва меҳр-оқибат сингари анъана ва қадриятларни асраб-авайлашда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистан тараққиётининг янги даврида Президентимиз ташаббуси билан барча соҳа қатори диний-маърифий жабҳада, хусусан, дин ва эътиқод эркинлиги йўналишида, жаҳолатга қарши маърифат билан кураш борасида жуда катта ва салмоқли ишлар амалга оширилди.

Айниқса, янги Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш, ислом дини таълимотининг тинчликпарвар ва маърифатга асослангани, ҳар қандай қон тўкиш ва террордан йироқлиги, улуғ алломаларнинг бой илмий меросини ўрганиш каби йўналишларда илгари сурилган эзгу ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон эркинлиги соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик ва динлараро дўстлик-ҳамкорлик ғояларини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари томонидан фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ҳамда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Дунёвий ва диний илмларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлашга ихтисослаштирилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, “Мир Араб” олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, 10 та ўрта махсус ислом билим юрти ҳамда православ ва протестант семинариялари фаолият юритмоқда.

Ислом илм-фани ва маданиятининг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, энг муҳими, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарёда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Қашқадарёда Абу Муин Насафий мажмуаси ташкил этилди.

Фуқароларнинг маиший диний эҳтиёжларини қондириш мақсадида республикада фаолият олиб бораётган диний таълим муассасалари, илмий мактаблар ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакилликлари қошида, шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Қуръони карим ва тажвид” курслари фаолияти йўлга қўйилди.

Яна бир муҳим жиҳат фуқароларимизнинг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида “COVID-19” пандемияси сабабли тўхтатилган узоқ муддатли танаффусдан кейин, шу йилнинг 22 январь куни зиёратчиларимизнинг дастлабки гуруҳлари Саудия Арабистонига Умра сафарига жўнатилган эди.

Натижада 2022 йил 22 январдан 15 майгача 40 мингга яқин зиёратчилар Умра амалини бажарди. Эътиборли жиҳати Умра зиёрати учун Тошкент — Мадина ва Тошкент — Жидда йўналишларида ҳар куни биттадан, айрим ҳолларда иккитадан махсус авиарейслар ташкил қилинди.

Бугунги кунда 12 минг нафар зиёратчи эса Ҳаж амалларини бажариш учун муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларига етиб борди. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий Ҳаж мавсумига квотанинг оширилгани, шубҳасиз, юртимиз зиёратчилари учун жуда катта хушхабар бўлди. Бу йил юртдошларимиз Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба бундай катта ададда зиёратга бордилар.

Ҳозирги кунда зиёратчиларнинг Ҳаж амалларини эмин-эркин адо этишлари учун барча қулайлик яратилган: махсус ишчи гуруҳи, тиббиёт ва ошпазлардан иборат ходимлар ҳожиларнинг соғлом, хавфсиз тарзда амалларни бажаришларига хизмат қилмоқда. Юртдошларимиз Маккаи мукаррамадаги мўътабар масканларда туриб юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва яқинларининг саломатлигини сўраб дуолар қилишмоқда.

Бундай хурсандчилик шукуҳи мамлакатимизда ҳам кезиб юрибди.

Давлатимиз раҳбари қарори билан жорий йилнинг 9 июль куни Қурбон ҳайити — Ийд ал-Адҳонинг биринчи куни деб эълон қилингани ҳамда яна қўшимча равишда дам олиш кунларининг белгилангани юртдошларимизни бениҳоя шод этди.

Қурбон ҳайити асрлар мобайнида аждодларимиз томонидан катта тантана ва хурсандчилик билан ўтказилган. Бу кунда кексалар, беморлар ҳолидан хабар олинган, ижтимоий муҳтож қатлам вакилларига моддий ёрдамлар кўрсатилган, ўзаро совғалар берилган. Қурбонлик учун сўйилган гўштдан нафақат ўз хонадони, балки қўни-қўшни, қариндош-уруғ, бева-бечораларга ҳам улашилган.

Бугунги кунда ҳам юртимизда ушбу қадрият бардавом. Ийд ал-Адҳо ибодати адо этилгач, оила бошлиқлари ўз оилаларига ширинликлар ва бошқа ноз-неъматлар олиб киради. Ота-она, қариндошлар ҳолидан хабар олинади, қурбонликлар қилинади ва у маҳалла аҳли, эҳтиёжманд инсонлар билан бирга баҳам кўрилади.

Сир эмас, ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда диний эркинлик, динлараро барқарорлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида жиддий қадамлар ташланди. Бу ижобий ўзгаришлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.

Халқаро диний эркинликлар бўйича экспертлар, соҳа мутахассислари мамлакатимизга ташрифи чоғида диний эркинликни таъминлаш, амалдаги нормаларни соддалаштириш, радикализмга қарши курашиш, қолаверса, маърифий ислом ғояларини илгари суриш борасидаги амалий ишларга ўзлари бевосита гувоҳ бўлди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан минглаб маҳкумларнинг афв этилиши, фуқароларнинг турли рўйхатлардан чиқарилиши, шунингдек, “Меҳр” операциялари доирасида можароли ҳудудлардан аёллар ва ёш болаларнинг юртимизга олиб келиниши юқори даражадаги ислоҳотлар сифатида экспертлар томонидан эътироф этилди.

Яқинда юртимизда кенг нишонланадиган Қурбон ҳайити моҳиятида ҳам саховат, бирдамлик, ўзаро аҳиллик, иноқлик ва ҳамжиҳатлик, тинчлик ва осойишталик сингари энг эзгу ғоялар мужассамдир. Ушбу байрам барчамизга хурсандчилик ва фаровонлик олиб келсин.

Давронбек МАХСУДОВ,
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари
Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2022 йил 2 июль, №139(8201)