Юртимизда ёшларни миллий қадриятлар, анъаналаримизга содиқ руҳда тарбиялаш, Ватанга садоқат туйғусини шакллантириш, “оммавий маданият” кўринишидаги салбий иллатларни ёшларга тушунтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хабарингиз бор, кеча Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари ўртасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Ватанни севмоқ имондандир” мавзусида эсселар танловининг биринчи – Академия босқичи ўтказилган эди.

Бугун эса, 80 нафарга яқин талабалар иштирок этган танловнинг якуний натижалари эълон қилинди. Тадбирни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб бераркан, танловда иштирок этган барча талабаларга миннатдорлик билдирди. Ватанни севиш, унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини таъкидлади. Айниқса, юртимизда Президентимиз раҳнамолигида Учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйилаётгани ва бу жараёнда ёшлар мамлакатнинг билим салоҳияти, порлоқ истиқболини таъминлайдиган куч эканини қайд этди. 

Ўз навбатида Ҳакамлар ҳайъати раиси, Зиё-медиа маркази директори Абдуҳамид Мухторов танловдаги ижодий ишларда мавзунинг тўлақонли очиб берилган, мавзуга оид мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифларга эга, имловий саводхонлиги баланд, амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан ўз муносабати акс этган ижодий ишлар юқори баҳоланганини билдирди.

Танловда иштирок этган талабалар ҳам сўзга чиқиб, бу каби танловлар ёшларни ўз устида ишлашларига катта туртки бўлиши, билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилишини таъкидлашди.

Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати томонидан адолатли, шаффоф, очиқ ва ошкора тарзда баҳоланган танлов натижалари эълон қилинди.

Унга кўра, “Исломшунослик” факультети 4-босқич талабаси Ирода Абдуманнопова 1-ўринни қўлга киритди. 2-ўрин “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультети 3-босқич талабаси Муҳаммадамин Мамановга насиб этган бўлса, 3-ўрин “Мумтоз шарқ филологияси” факультети 2-босқич талабаси Дилдора Ражапбоева қўлга киритди. 

Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Академик лицейи ўқувчилари — Муратова Муслима 1-ўрин, Шавкатова Заҳро 2-ўрин, Султонмуродова Муслима 3-ўринни эгаллади. Иқтидорли йигит-қизлар танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритишди.

Бундан ташқари, ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов доирасида яхши натижаларни қайд этган талабалар турли номинациялар билан рағбатлантирилди. 

Шу муносабат билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси жамоаси ғолиб талабаларни мазкур ютуқлари билан муборакбод этиб, республика босқичида муваффақиятли иштирок этишлари учун омад тилайди.