Тошкентда “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясида бўлиб ўтаётган тадбир Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, АҚШ Глобал жалб қилиш институти,  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Халқаро ислом академияси ҳамда Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимиятлари ҳамкорлигида ташкил этилган.

Анжуман доирасида турли мамлакатлар диншунос олимлари, амалиётчи мутахассисларига жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлаб туришнинг муҳим шарти сифатида динлар ва маданиятлар ўртасида самарали мулоқот ўрнатиш соҳасидаги энг яхши халқаро амалиёт, илғор хорижий тажриба намойиш этилади.

Мазкур халқаро форум жаҳон ҳамжамиятининг эътиқод эркинлигини таъминлаш  ва динлараро мулоқотни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатини бирлаштириш жараёни ажралмас қисми бўлиб, давлатимизнинг инсон ҳуқуқ ва эркинлиги бўйича халқаро мажбуриятларга қатъий содиқлиги, Ўзбекистон Республикаси 2020 йил илк бор сайланган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши масъул аъзоси сифатида мамлакатимизнинг айни йўналишда эътироф этилган умумий стандартларни  халқаро миқёсда фаол тарғиб этишга тайёрлиги ифодасидир.

Форумнинг очилиш маросимида АҚШ Глобал жалб қилиш институти вице-президенти Жеймс Чен тадбир иштирокчиларини қутларкан, ўз навбатида жаҳон ҳамжамиятининг дин, эътиқод йўналишида фаолият олиб бораётган илғор фикрли экспертларининг Тошкентда тўпланиши, юзага чиқаётган муаммоларни бартараф этишда мавжуд куч, имкониятларни бирлаштиришга хизмат қилишини қайд этди. Шу билан бирга кейинги йилларда Ўзбекистоннинг айни йўналишда олиб бораётган амалий саъй-ҳаракатлари дунё миқёсида эътироф этилаётганини ҳам қўшимча қилди.

Мазкур нуфузли халқаро маросим 20 майга қадар давом этади.

ЎзА