Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси бўлажак ҳожиларимиз учун Макка ва Мадина шаҳарларида жойлашган замонавий 5 юлдузли меҳмонхоналарни кўздан кечирдилар.

Таъкидлаш керакки, ишчи гуруҳ аъзолари меҳмонхоналарни Масжиди Набавий ва Ҳарами шариф ҳисобланган Байтуллоҳга яқин бўлишига алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Шу ернинг ўзида меҳмонхона мутасадди раҳбарлари билан музокара ўтказиб, хоналар ҳар томонламан қулай, шинам бўлиши ва мана шундай шароитларни ҳозирлаш орқали зиёратчиларимизнинг муборак сафар давомида эмин-эркин ибодат қилишларига шароит яратиш кераклигига диққат қаратилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари муборак масканларда ўз ибодатларини адо этаётган зиёратчилар билан учрашдилар. Мулоқотда юртдошларимиз барча шароитлар муҳайё қилингани, айниқса, меҳмонхоналарнинг Икки муқаддас масжидларга яқинлиги, беш маҳал намоз ва зиёратларни адо этишга қулайлиги, меҳмонхонадаги озода, кенг ва шинам хоналар кишининг баҳру дилини очиши, малакали шифокорлар томонидан доимий кузатув олиб борилишини мамнуният ила изҳор қилдилар.

Ташриф асносида Ҳаж делегацияси юртимиз ҳожиларига таом ва ичимликлар тақдим этиш борасида хизмат кўрсатиши мумкин бўлган мутасадди вакиллар билан учрашиб, ошхоналарни саралаш мақсадида уларнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, улардаги шарт-шароит, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, покизалиги, таом пиширадиган замонавий қозон ва ошхона анжомлари кўздан кечирилди.

Бўлажак ҳожилар учун барча зарур шароитларни ҳозирлаш, зиёратчилар ҳаж амалларини тўлақонли бажариши учун Макка шаҳридаги Мино, Арафот ва Муздалифа водийларидаги жойлар масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Бунда, чодирларнинг сифатли, озода, қулай ва кенг бўлиши, гиламлар тўшалгани, совутиш жиҳозлари билан етарлича таъминлангани, иссиқ-совуқ сув тизимлари, таом тарқатиш бурчаклари ва бошқа шароитлар кўздан кечирилди.

“Умра-2022” йил бошидан бери 35.000 нафар фуқаролар Саудия Арабистонида зиёратларни амалга оширди. Рамазон мавсумида 7 740 нафар зиёратчи умра амалани адо этди. 

Ўзбекистон делегацияси “Ҳаж – 2022” мавсумини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни Саудия Aрабистонидаги мутасадди идоралар билан келишиб, ўз сафарларини якунига етказдилар.


Дин ишлари бўйича қўмита 
Ахборот хизмати