Аввал хабар берганимиздек, "16 ноябрь - Халқаро бағрикенглик куни"га бағишлаб 15-22 ноябрь кунлари “Ўзбекистон-бағрикенг диёр” шиори остида республикамиз бўйлаб “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилмоқда.

Жойларда вилоят ҳокимликлари ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг ҳудудий бошқармалари томонидан миллий маданий марказлар, исломий ва ноисломий диний ташкилотлар вакиллари иштирокида “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остидаги давра суҳбатлари, спорт мусобақалари ҳамда маданий-маърифий тадбир ўтказилиши режалаштирилган.

Айни дамда, ушбу ҳафталик доирасида Бухоро шаҳридаги Ёшлар маркази биносида “Ўзбекистон - бағрикенг диёр” шиори остида маданий-маърифий тадбир ҳамда концерт дастури, шунингдек, қардош халқлар ёзувчи ва шоирлари асарлари кўргазмаси намойиши бўлиб ўтмоқда. 

Шунингдек, Фарғона вилоятида ҳам ушбу сана муносабати билан маърифий тадбирлар ташкил этилди.

“Бағрикенглик ҳафталиги”ни ўтказишдан кўзланган мақсад – 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ҳамда хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантиришдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар барча туман ва шаҳарларда 15-21 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати