“Жаҳолатга қарши маърифат” бош ғояси асосида республикамиздаги олий таълим муассасаларида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ташаббуси билан маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Маърифий учрашувлардан кўзланган мақсад —  мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини талаба-ёшларга етказиш, уларнинг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини ошириш ҳамда турли ёт ғоялардан ҳимоя қилишга қаратилган.

Маълумки, республикамизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирмоқда. Таассуфки, миллий бой маънавий меросимизга дин ниқобида зарар етказиш, ижтимоий тармоқлар воситасида ўзаро иноқликда истиқомат қилаётган турли эътиқод вакиллари ўртасига нифоқ солиш, ихтилоф чиқаришга бўлган уринишлар кузатилмоқда.

Олий таълим муассасаларида ташкил этилаётган маърифий тадбирларда бу каби ҳолатлардан огоҳ бўлиш, экстремистик, радикал ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик йўллари ҳақида сўз борди.
Шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсати, уларга яратиб берилаётган шароитлар ва имкониятлар ҳақида маълумот берилди. 


Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ташкил этилган давра суҳбати ҳам “Ёшлар ўртасида диний ақидапарастлик ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш омиллари” мавзусига бағишланди. Маърифий мулоқотларда талаба-ёшлар турли мафкуравий таҳдидлар шароитида уларнинг тузоғига илинмаслик чоралари ҳақида тушунчага эга бўлишди.

“Жаҳолатга қарши маърифат” бош ғояси асосидаги маърифий-ташвиқот тадбирлари Тошкент архитектура-қурилиш институти, Тошкент давлат техника университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Тошкент молия институти, Тошкент кимё-технология институтларида ҳам ўтказилди.
Юртимизнинг бошқа олий таълим муассасаларида ҳам шу каби маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати