Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Австрия Республикасининг Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Михаел Линхарт бошчилигидаги делегация меҳмон бўлди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати.

Ташриф давомида нуфузли меҳмонлар Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг илмий-педагогик фаолияти, талаба ҳамда илмий тадқиқотчилар учун яратилган замонавий шароитлар билан яқиндан танишди. 
Учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов нуфузли меҳмонларни Академияга ташрифи билан қутлар экан, икки мамлакат ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётганидан мамнун эканлигини билдирди. Ўз навбатида Австрия Республикасининг Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Михаел Линхарт сўз олиб, самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
Суҳбат давомида Михаел Линхарт Ўзбекистонга ташрифи, мамлакатимизда олган таассуротлари, истиқболдаги режалари тўғрисида сўз юритди.
Самимий мулоқот давомида Музаффар Комилов Академиянинг бош мақсади ислом динини илмий, фундаментал асосда ўрганиш ҳамда дунё цивилизацияси ривожига тамал тошини қўйган аждодларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини чуқур тадқиқ этган ҳолда, унинг натижалари амалий асосида замонавий дунё муаммоларини ҳал этишда фойдаланиш бўйича рақобатбардош мутахассис кадрлар тайёрлаш эканлигини таъкидлади. 
Шунингдек, давра суҳбатида сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар натижасида бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилиш ишлари янада жадаллашгани ҳақида сўз борди. Мамлакатимизда дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиш, диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини ошириш, малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизими яратилгани қайд этилди. 
Мулоқот давомида пойтахтимизда бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ҳамда Имом Мотуридий номидаги 3 та йирик халқаро илмий-тадқиқот марказлари ислом дунёсидаги улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, жаҳонга тарғиб этишда беқиёс ўринга эга бўлиб бораётгани ҳам эътироф этилди. Зеро, бугунги глобаллашув даврида ёшларни диний экстремизмдан ҳимоя қилиш нафақат Ўзбекистон, балки бутун ҳамжамиятнинг зиммасидаги долзарб вазифа ҳисобланади. 
Томонлар учрашув давомида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, уни кенгайтириш доирасида фикр юритишар экан, Австрия Республикасининг Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Михаел Линхарт ўзаро илмий-маърифий яқинлик ҳар икки мамлакат ёшлари камолоти ва тараққиётида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Давра суҳбатидан сўнг Михаел Линхарт бошчилигидаги делегация аъзолари Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Манбалар хазинаси” бўлимидаги ноёб қўлёзмаларни кўздан кечирди. Ушбу маскандаги қадим ва ноёб илмий-маърифий асарлар меҳмонларда катта таассурот қолдириб, уларни чуқур тадқиқ этиш Академия профессор-ўқитувчилари, ёш илмий тадқиқотчиларнинг нақадар илмий салоҳияти юқорилигидан дарак беришини эътироф этишди.
Ташриф якунида меҳмонлар Ўзбекистон халқаро ислом академияси раҳбариятига юқори даражадаги меҳмондўстлик учун самимий миннатдорлик билдирди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати