Бугун, 28 август куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бир гуруҳ таниқли уламолар, исломшунос олимлар, тажрибали имом-хатиблар, моҳир мударрислар, фаол отинойилар, диний соҳа ходимлари ва турли конфессия вакилларини “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотлаш тадбири бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъуллари, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар томонидан 2021 йил мамлакатимиз тарихий воқеаларга бой йил бўлаётгани, энг асосий воқеаларидан бири – Ўзбекистон мустақил йўлини танлаганига 30 йил тўлиши экани, ушбу буюк неъматга эришиш йўли нақадар мураккаб бўлгани, бу йўлда қанчадан-қанча зиёли, мард, ватанпарвар боболаримиз жонларини фидо қилгани, уларни хотирлаш, шундай дориломон кунларда яшаётганимизга шукроналар айтиш, шу маънода, мустақилликнинг қадрига етишимиз ҳар биримиз учун муҳим экани алоҳида таъкидланди.

Охирги беш йилликда диний-маърифий соҳада олиб борилган улкан ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам алоҳида эътироф этилаётгани мамнуният билан тилга олинди.

Сўнгги беш йилда Ислом дини ривожи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк муҳаддис боболаримизнинг диний ва илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида Самарқандда – Имом Бухорий, Сурхондарёда – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Тошкентда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш олиб бораётгани таъкидланди.

Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг бой диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, ёш авлодимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда беқиёс ўрин тутадиган илм-маърифат марказига айланганига катта урғу қаратилди.

Таниқли уламолар ва тажрибали имом-хатибларнинг Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, тинчлик ва осойишталикни, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишда алоҳида фидойилик кўрсатаётганлари юксак эътироф этилди.

Хабарингиз бор, 2021 йил 23 август куни Давлатимиз раҳбари «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонга кўра мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини оширишга катта ҳисса қўшаётган, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда ибрат ва намуна бўлиб келаётган, жамиятимизда тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда алоҳида фидойилик кўрсатаётган юртдошларимизни «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан мукофотлаш белгиланган эди.

Мукофотланганлар орасида диний-маърифий соҳада фидокорона меҳнат қилаётган таниқли уламолар, тажрибали имом-хатиблар, жонкуяр мударрислар ва диний соҳа ходимлари ҳам  «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони соҳиби бўлганлари жуда ҳам қувонарли ҳол бўлди.

Мазкур тадбирда мутасаддилар томонидан диний соҳа ходимларига «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони тантанали равишда топширилди.

Ушбу юксак мукофотни қўлга киритганлар мамлакатимиз равнақи, динимиз ривожи, элимиз фаровонлиги йўлида янада фидоийлик билан меҳнат қилишларини изҳор этиб, давлатимизнинг юксак эътирофига муносиб бўлишларини билдирдилар.

 

Дин ишлари бўйича Ахборот хизмати