Кейинги пайтларда, олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларига қарамай, гиёҳвандлик балоси бутун Ер юзи бўйлаб аср вабоси сифатида кенг тарқалиб бормоқда.

         Гиёҳвандликнинг моддий ва маънавий зарарлари тўғрисида дунё оммавий ахборот воситалари орқали кўпдан-кўп маълумотлар берилмоқда, унга бағишлаб кўп мамлакатларда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам қатор халқаро анжуманлар ўтказилди, лекин афсуслар бўлсинки, бу офат ҳануз ўз ишини қилиб келмоқда.

         Бу офатлар домига тушиб қолганлар орасида баъзи мактаб ўқувчилари, талабалар,  шунингдек эркагу аёлларни учратиш мумкин. Улардан дунёга келаётган ўта мажруҳ, ногирон болаларнинг мунгли нигоҳи, ачинарли ҳолати менман деган тошбағир юракларни ҳам ларзага солади.

Инсон ҳаётда ўзининг сиҳат-саломатлигини сақлаши, бетоблик аён бўлса, уни дори-дармонлар билан муолажа қилиб, даволаниши, турли юқумли касалликларни олдини олиш йўлида зарур чора-тадбирларни қўллаши муҳим ҳисобланади.

         Шунинг учун ҳам, доно халқимиз “Тани соғлик – туман бойлик”, - деб бекорга айтмаган. Ақл-идрок соҳиби бўлган инсон зоти ўзига берилган ҳаётни қадрлаш ва унга муносиб равишда муомала қилишга буюрилган.

         Юртимизда инсон саломатлиги, ёш авлод тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган гиёҳвандликка қарши кураш борасида давлат ва нодавлат ташкилотлар, мактаб, маҳаллаларнинг ўзаро ҳамкорлиги алоҳида ўрин тутмоқда. Юртимизда гиёҳвандликнинг олдини олишда маҳалла, мактаб, касб-ҳунар коллежи, олий ўқув юртларида тарғибот-ташвиқот ишлари изчил олиб борилмоқда. Мутахассис олимларнинг таъкидлашича, гиёҳвандликка ружу қўйган кимса ўзининг хуморини қондириш учун ҳар ойда камида 8-10 грамм оғуга эҳтиёж сезади. Демак, у қандай йўл билан бўлсада, оғуни харид қилиш учун пул топишга киришади. Шу боис, ўғирликка бировнинг мол-мулкини талаш, йўлтўсарлик, қотиллик, фирибгарлик каби оғир жиноятларга қўл уради.

          Шунинг учун ҳам, бутун жаҳонда “26 июньхалқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни” деб эълон қилинган. Бу кунда барча инсонларни бу иллатнинг салбий оқибатларидан огоҳ этиш, башарият ривожининг кушандаси бўлмиш бу заҳри қотилга нисбатан ҳамма бир ёқадан бош чиқариб курашиш даркор. 

      Хулоса қилиб айтганда, нотўғри йўлга юрган бундай шахс инсонийлик қиёфасини бутунлай йўқотади, ўзининг инсонийлик мақомидан айрилади, руҳан носоғлом бўлиб қолади, касб-ҳунаридан айрилади. Оиласи дарс кетади, фарзандлари тирик етим бўлиб қолади. Энг ачинарлиси, гиёҳвандлик ҳолати ҳар қанча даволангандан кейин ҳам қайтарилиши мумкинлигидир.

          Инсон ўзини, оиласини, жамиятни ўйлаган ҳар бир шахс аср вабоси бўлган гиёҳвандликка қарши бир тан, бир жон бўлиб кураш олиб бормоғи зарур. Бу ишда барчамиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Зеро, жамият ҳаётида учраб турган ҳар қандай  иллатни олдини олиш ва уни йўқ қилиш ҳар бир соғлом фикрлайдиган инсоннинг бурчидир.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

бош мутахассиси   М. Юлдашев