Миллатлар, ирқлар, динлараро муносабатларда барча динларнинг эзгулик манбаи эканлигини англата билиш муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан, жорий йил 27 апрель куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Марказий Осиё мамлакатларида диний эркинликлар” мавзусида минтақавий видео-конференция ташкил этилди.

Мулоқотда Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва турли диний конфессия вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон вакилларидан иборат экспертлар қатнашдилар.

Анжуманда Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни қарор топтириш, фуқароларнинг эътиқод эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасидаги ижобий ишлар алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, диний конфессия вакилларига бўлган эътибор йилдан-йилга ошиб, бу, айни пайтда, Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ислоҳотларида ўз аксини топаётгани, хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши, айнан, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани ҳам бунинг ёрқин намунаси экани қайд этилди.

Хорижий ва маҳаллий олимлар, профессор-ўқитувчилар, соҳа вакиллари иштирокида қизғин муҳокамаларга бой бўлган конференцияда Ўзбекистонда диний бағрикенгликни қарор топтиришнинг сиёсий-ҳуқуқий аспектлари, фуқаролар эътиқод эркинлиги ва ҳуқуқини таъминлашнинг асослари ҳам муҳокама этилди.

Таъкидлаш керакки, юртимиздаги инсонпарварлик сиёсати натижасида жамиятда динлар, миллатлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлаш, конфессиялараро мулоқот маданиятини ривожлантиришда диний ташкилотлар билан ўзаро узвий муносабат шаклланган. Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни қарор топтириш, фуқароларнинг эътиқод эркинлиги ва ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги тажрибаси йилдан-йилга ижобий аҳамият касб этиб бормоқда.

Бу каби конференциялар эса ушбу йўналишдаги ишларни минтақага тараннум этишда катта аҳамият касб этиши, шубҳасиз.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати