Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Ахмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов республикамизнинг турли ҳудудларида бўлиб, диний соҳа вакиллари ҳамда аҳолининг турли қатламлари билан мулоқот ўтказмоқдалар. Шунингдек, сафар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, Президентимиз фармонлари билан афв этилган, турли уруш ўчоқларидан юртимизга олиб келинган фуқаролар билан тизимли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу йўналишдаги ишларнинг давоми, бугун, 23 январь куни Самарқанд вилоятида давом эттирилди.

Ташриф аввалида мутасаддилар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, бу ерда буюк муҳаддиснинг “Саҳиҳул Бухорий” асарининг хатмини якунлаб, эзгу дуолар қилинди.

Шундан сўнг, мутасаддилар Ҳадис илми мактаби ўқитувчи ва талабалари билан учрашув ўтказдилар. Очиқлик ва самимийлик руҳида бўлиб ўтган мулоқот давомида Дин ишлари бўйича қўмита раиси юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бу жараёнда талаба ёшларнинг ўрни, шунингдек, уларга берилаётган эътибор ва аждодларга муносиб ворислар бўлиб таҳсил олишлари учун яратиб берилган шарт-шароитлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Ўз навбатида, ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш, ҳадис илмини мукаммал ўзлаштириш, бугун авж олаётган турли ёт ғояларга қарши илмий асосда раддиялар берадиган мутахассислар бўлиб чиқишлари учун соҳа раҳбарлари томонидан муҳим тавсиялар берилди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати