Жорий йил 3 февраль куни ижтимоий тармоқ саҳифаларида «Azon.uz»га босим қачон тугайди?» номли баёнотда мазкур веб-сайтнинг бош муҳаррири А.Раимов таҳририятга нисбатан босим ўтказилгани сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод этиш бўйича ариза берганини эълон қилган ва бу ҳолат тармоқ фойдаланувчилари орасида муҳокамаларга сабаб бўлган.

Дастлаб, аксар изоҳ қолдираётганлар орасида Дин ишлари бўйича қўмита ҳақида етарли таассурот бўлмагани сабабли турли тушунмовчиликлар кузатилгани, ўз навбатида, кўпчиликка тушунарли бўлиши учун Дин ишлари бўйича қўмитанинг фаолияти, мақсад ва вазифалари борасида қуйидаги айрим асосий вазифаларини келтириб ўтишни лозим топдик:

– виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

– Ўзбекистон Республикасининг дунёвий давлат тамойилини амалий рўёбга чиқариш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш;

– диний мутаассиблик ва экстремизм ғояларини тарқатиш, турли конфессиялар ўртасида адоватни юзага келтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш;

– жамиятда диний-маърифий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ушбу жараёнларда диний-маърифий соҳа вакилларининг иштирокини кенгайтириш;

– давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ҳамда давлат сиёсатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини акс эттириш;

– аҳоли орасида конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш ва бошқалар.

Бундан кўриниб турибдики, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кўриш, республикада чиқариладиган ёки чет эллардан келтириладиган диний тусдаги маҳсулотларни (матбуот ва электрон нашрларни, аудио, видео кассеталарни, СD, DVD ва бошқа электрон ташувчиларни, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган диний материалларни) экспертизадан ўтказиш фаолиятини мувофиқлаштириш Дин ишлари бўйича қўмитанинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, Дин ишлари бўйича қўмита диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатишда диний-маърифий сайтларга йўналиш ва тавсия бериши мумкин. Лекин, қайсидир сайтдан қандайдир маълумотни олдириб ташлаш ёки олиб ташлашга мажбур қилиш ваколатига эга эмас.

Шунга кўра, “azon.uz” сайтида эълон қилинган муайян мақолаларни олдириб ташлаш бўйича Қўмита раҳбарияти томонидан ҳеч қандай топшириқ бўлмаганини қатъий маълум қиламиз.

Шу ўринда, Дин ишлари бўйича қўмита қатор оммавий ахборот воситалари билан доимий ҳамкорликда фаолият олиб бораётганини, Давлатимиз Раҳбари бошчилигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган янгилик ва ўзгаришларни биргаликда омма эътиборига ҳавола қилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Баёнот якунида, юртдошларимизга яна бир бора, Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти томонидан azon.uz сайти таҳририяти ва жамоасига мақолани олдириб ташлаш бўйича босим бўлмаганини, аксинча сайтда берилаётган хабар ва мақолалар кенг халқ оммасига мўлжаллангани учун фойдали ва холис бўлиши борасида доимий ҳамкорлик қилиб келаётганини билдирамиз.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати