Аввал хабар бериб ўтганимиздек, шу кунларда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош имом-хатиблари учун “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” мавзусида малака ошириш ўқувлари бўлиб ўтмоқда. Икки ҳафтага мўлжалланган мазкур жараёнда 214 нафар имом-хатиб қамраб олиниши режалаштирилган.

Дарсларга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон халқаро ислом академиясидан етакчи профессор-ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчилар жалб этилган.

Бугун Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Ахмедов марказда ташкил этилган ўқув жараёнлари, тингловчилар учун яратилган шарт-шароитлар ва бош имом-хатиблар билан мулоқот қилиш мақсадида Марказга ташриф буюрди.

Қўмита раиси ҳар бир гуруҳ қатнашчилари билан алоҳида-алоҳида мулоқот қилиб, республикамизда жаҳолатга қарши–маърифат билан курашиш, диний-ижтимоий вазиятни янада соғломлаштириш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий жиҳатдан баркамол этиб, ватанпарвар қилиб тарбиялаш ишларини тубдан яхшилаш, Давлатимиз Раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, шунингдек, маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, ёшлар масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишлари ва уларда белгиланган йўналишлардаги муҳим вазифаларнинг амалиётга татбиқ этилиши борасида соҳа ходимларининг роли каби муҳим мавзулар атрофида тўхталиб ўтди.

Қайд этиш керакки, тингловчиларга янги Ўзбекистон ислоҳотларидан кўзда тутилган мақсадлар, ёт таъсирларга берилган шахсларни соғлом ҳаётга қайтаришнинг самарали услублари, маърифий ислом ғояларини тушунтиришга қаратилган бир-биридан долзарб мавзуларда турли соҳа мутахассислари томонидан маърузалар ўқилмоқда. Ўқувлар замонавий педагогик технологиялар ҳамда ускуналарни қўллаган ҳолда ўтказилмоқда.

Шубҳасиз, ушбу ўқувлар жойларда ижтимоий-маънавий муҳитнинг янада барқарорлашуви, диний соҳа ходимларининг билим ва савиясининг янада юксалишига хизмат қилади.


Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати