Бу йил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигига 28 йил тўлади. 1992 йил 8 декабрь мамлакат тарихида ўзига хос қадр-қимматга эга бўлган, унинг тараққиётида тенгсиз ҳуқуқий, сиёсий ва халқаро аҳамиятга эга сана сифатида қабул қилинган. Бош қомусимиз адолат, ҳуқуқ, эркинлик, тинчлик,  инсон манфаатларининг устунлиги, қонун устуворлиги каби демократик тамойилларни ўз ичида мужассам этган. 

Юртимизда виждон эркинлиги ҳар бир шахснинг ҳуқуқи сифатида Конституция ва қонунлар асосида мустаҳкамланган ва кафолатлангандир. Хусусан, Конституциянинг 31-моддасида ҳар кимнинг виждон эркинлиги ва хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқи кафолатланган. Шунингдек, 61-моддасига биноан, "Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар ва Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди".

Демократик жамиятнинг асосий белгиларидан бири – жамият аъзоларининг қонун олдидаги тенглиги, Конституция ва қонунларнинг устунлигини таъминланганлигидир. Ўз навбатида Конституция ва қонунларнинг пировард мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини акс эттириши зарур. 

Шу жиҳатдан, Бош қомусимизда белгиланган тамойиллардан келиб чиқиб, қонунчилигимизда сўнгги йилларда виждон эркинлиги кафолатлари, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувликни таъминлаш йўлида ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ 5416-сон Фармони, 2019 йил 4 сентябрдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ 4436-сон қарори қабул қилинди. Мазкур хужжатлар диний-маърифий соҳа самарадорлигини оширишга эришиш ҳамда жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги катта қадамлардан бири сифатида кўриш мумкин. 

Хусусан, Фармонга мувофиқ, малакали кадрларни тайёрлашга, илмий меросни чуқур тадқиқ қилиш ва асраб-авайлашга, диний ва дунёвий билим беришга ихтисослашган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, унинг таркибида Малака ошириш маркази, “Зиё” медиа маркази ташкил этилди, шунингдек, Ҳадис илми мактаби, диний-маърифий соҳани, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Вақф” хайрия жамоат фонди ўз фаолиятини бошлади.

Шунингдек, ҳозирда муҳтарам Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ҳар бир тизимдаги ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда диний соҳага оид сиёсатни замон нафасидан келиб чиқиб тартибга солиш йўлида янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси тайёрланиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилаётгани ҳам муҳим ҳодиса сифатида жамоатчилик, халқимиз эътирофига сазовор бўлмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасида виждон эркинлиги кафолатларини кучайтириш бўйича бир қанча қўшимча ва ўзгартиришлар, диний ташкилотнинг фаолиятини ташкил этиш ҳамда юритишдаги соддалаштиришлар белгилаб берилгани, шунингдек, давлатнинг дин ишлари бўйича сиёсатини такомиллаштириш асосий мақсад қилиб қўйилгани алоҳида таъкидлаш лозим. 

Зеро, мамлакатимизда фуқароларнинг демократик ҳуқуқ ва эркинликлари Конcтитуция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши қатъий белгиланган.

 

Дин ишлари бўйича қўмита мутахассиси

Қирғизов Ҳусанбой Бахтиёр ўғли