Бугун, 30 ноябрь куни Тошкент вилояти имом-хатиблари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва вилоят туман-шаҳар бош имомлари ҳамда уламолар қатнашди, дея хабар бермоқда ЎМИ матбуот хизмати.  

Сўзга чиққанлар томонидан якунига етиб бораётган 2020 йилда вилоят миқёсида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Жумладан, масжидлар ва имом-хатиблар фаолиятидаги ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди. Шунингдек, 2020 йилда диний-маърифий фаолиятни янада такомиллаштириш борасида амалга ошириладиган ишлар ва истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Унга кўра, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Жасур Раупов Тошкент вилояти бош имом-хатиби лавозимига тайинланди.

Маълумот ўрнида, Жасур Раупов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Андижон давлат университетини тамомлаган. 1999 йилдан шу кунга қадар пойтахтимиздаги бир неча масжидларда имом-хатиб вазифаларида ишлаган. Шу билан биргаликда 2010 йилдан буён Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритган.

 

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати